Қатар меҳнат муҳожирларини нимаси билан ўзига тортмоқда?

Қатар хорижийлар кучи билан тикланган мамлакат Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қатар хорижийлар кучи билан тикланган мамлакат

Агар қайсидир мамлакатнинг хорижий ишчи учун эшиги ланг очиқ бўлса, бу - Қатар. Бир неча ўн йилгина муқаддам Форс кўрфазининг мўъжазгина мамлакати Қатар минтақадаги энг сокин нуқталардан бири эди.

У фақат дур тижорати билан танилган, бошқа соҳалар бўйича у қадар ном чиқармаганди.

Ҳозир Қатар ўта замонавий пойтахт, улкан газ заҳиралари ортидан қад кўтарган йирик саноатга эга ва мамлакат 2022 йил Жаҳон кубоги бўйича мусобақаларга мезбонлик қилиша ҳозирлик кўрмоқда.

Унинг мисли кўрилмаган тараққиёти асосий заҳира - муҳожир ишчилар кучи билан имконли бўлди.

Қатар хорижийлар кучи билан тикланган мамлакат.

Ҳақиқий ишчилар армияси кўприклар, ширкатларни юргизиш ва кўчаларни тозалаш учун олиб келинган.

Ўтган ўн йил асносида Қатор аҳолиси уч бараварга кўпайди.

Аммо, бу ердаги ҳар 5 кишидан биригина асл қатарлик. Содда қилиб айтганда, қатарликлар ўз мамлакатларида озчиликни ташкил қилишади.

Пул жозибаси

Меҳнат муҳожирларини ўзига тортаётгани Қатардаги имкониятлардир.

Кам маошга бўлса-да, Қатар одамларга Осиё ва ё Африка беролмайдиган ҳаётни таклиф қилади: иш, доимий даромад ва уйда қолган оилаларини молиявий таъминлаб туриш имконияти.

Малакали ишчилар учун эса, юқорироқ мартабаларга кўтарилиш истиқболлари, каттароқ ойликлар ва солиқдан ҳоли тирикчиликни таклиф қилади.

Ҳамманинг ўзига яраша баҳоси бор. Қатар пул тўлашда давом этса, меҳнат муҳожирлари ҳам бу ерга келишда давом этадилар.

Дҳан Барувал Непалдан. У Қатарга келган пайти бор-йўғи 18 ёш бўлган.

Барувал фаолиятини оддий ишчиликдан бошлаган. Аммо, ҳозир у Доҳадаги қурилиш сатҳида маиший хизмат бўйича назоратчи бўлиб ишлайди.

У Қатарга пул кетидан қувиб келганини яширмайди. "Непалда иш топган тақдирингизда ҳам ойига бор-йўғи 150 доллар топасиз", дейди у.

"Аммо, бу ерда бир ойда 700 доллар ишлашингиз мумкин. Шу жиҳати менга ёқади", дея қўшимча қилади Дҳан.

Аксар муҳожир ишчилар каби 24 ёшли Барувал жаноблари уйда қолган оиласини молиявий дастаклаб туради.

Икки синглиси ва бир укаси у доимий жўнатиб турадиган пуллари эвазига мактабга қатнашмоқда. Ҳаминқадар ойликка мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган ота-онаси ҳам бундан баҳраманд.

Илк поғона

Кимлар учундир Қатар - яхшироқ ҳаётга етакловчи илк манзил.

Дан Паскат абгор иқтисодий вазият боис ўз ватани Руминияни ташлаб келган. Унинг айтишича, у ерда олийгоҳларни битириб чиқаётганлар учун тузукроқ иш топишнинг ўзи амримаҳол. Паскат жаноблари университет Бизнес бошқаруви бўйича магистрлик унвонига эга. Аммо, ҳозирча Доҳадаги 5 юлдузли меҳмонхонада оддий хизматчи бўлиб ишлаётганидан рози.

"Мен учун бу - фақат биринчи қадам холос", дейди у.

"Меҳмонхоналар тизимида ишлаш жуда кўп имкониятларни очади. Меҳмонхона саноатида ишни пастдан бошлашингизга тўғри келади, аммо ширкат ичкарисида ўсиш учун университетда ўрганган билимларингиз амалга тадбиқ этишингиз керак", дейди у. Жаноб Паскатга оиласидан айри яшаш оғир бўлган. У анъанавий румин овқатларини соғинади. Аммо, Қатардаги кўплар қатори у ҳам ҳали-вери уйига қайтиб кетиш ҳақида ўйламайди. "Агар бу ердаги контрактим тугаса, яна хориждан иш излашда давом этаман. Балки, Қўшма Штатлар ва ё яна Яқин Шарқдаги имкониятларга қарарман", дейди Дан.

"Мен дунёни кўришни истайман ва турли шароитларда яшаб кўрмоқчиман. Руминия ташқарисида ишлаб, бошқачароқ тажриба йиғишни хоҳлайман". Италиялик 34 ёшли Элиза Грималди Қатарда нефт ва газ саноатида қадрлар бўлими маслаҳатчиси бўлиб ишлайди. У Қатар ҳозир ўзи учун энг маъқул жой эканини айтади.

"Мен энергетика секторида ишлайман ва Қатар - дунёдаги энг йирик газ экспортчиларидан бири. Биз каби мутахассислар учун бу ер жуда боп жой", дейди у.

"Бу бой давлат мамлакат, одамлар дунёнинг турли бурчакларидан келишади. Бу ерда имкониятлар жуда кўп".

'Ишлаб топганингиз нақд чўнтакда қолади'

Бошқалар қатори Грималдини Қатарга тортган нарса бу - пул.

"Ўз мамлакатимда мен уй сотиб ололмасдим ва ё бунинг учун, 30 йилча тер тўкишим керак эди. Аммо, бу ерда 5 йиллик топганингизни тўпласангиз, Оврўпонинг энг бой шаҳридан яхшигина уй ва ё квартира сотиб олишингиз мумкин. Бу ерда ишлаётганлар ҳаммаси пул жамғариши мумкин. Чунки, биз яшаш учун кўп сарф-харажат қилмаймиз", дея қўшимча қилади у. "Ёқилғи арзон, уйга кераклигича ёрдам олиш мумкин ва яшаш учун жой берилади, шундай экан, ижарага пул тўламаймиз", дейди суҳбатдош.

"Маош мамлакатимиздаги билан ўхшаш, эҳтимол бироз кўпдир. Бироқ, бу ерда деярли сарф қилмаймиз, қарийб ҳаммаси чўнтагингизда қолади",

Грималди Италиядаги иқтисодий вазият нуқтаи назаридан Форс кўрфазида ишлаётгани катта омад эканини яхши англайди.

"Уйга борган пайтим дўстларимнинг кўзларидан хурсанд эмасликларини сезаман. Италияда ишингиз бўлса, омадлисиз. Аммо, имкониятлар йўқ ва фаолиятидан қониқмаётган мутахассислар кўп. Бу хафсалани пир қиладиган вазият. Чунки, дўстларим ва собиқ ҳамкасбларимнинг аҳволлари бир хил. Уларнинг билимлари меникидан кўп бўлса бордирки, кам эмас. Аммо, мен чиқиб кетишга журъат топдим ва кўпроқ имкониятларни қўлга киритдим", дейди Грималди.