Аксилҳукумат намойишларига Президент Медведев Facebookда муносабат билдирди

Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг Facebookдаги саҳифаси
Image caption Президент Медведев сайлов қонунчлиги бузилиши ҳолларини текширишга буйруқ бергани ҳақида ёзган

Мен митингларда эшитилган шиорларга ҳам, баёнотларга ҳам қўшилмайман, дея 10 декабр куни пойтахт Москва ҳамда Россиянинг қатор шаҳарларида уюштирилган норозилик намойишларига муносабат билдирган Россия Президенти Дмитрий Медведев Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида.

"Конституция бўйича Россия фуқаролари сўз эркинлиги ва йиғилиш ўтказиш эркинлигига эгалар. Инсонларнинг ўз мавқеини ифода этиш ҳуқуқи бор ва улар кеча бу ҳуқуқдан фойдаландилар. Яхши ҳаммаси қонун доирасида ўтди", деб ёзган Президент Медведев Интернет ижтимоий тармоғида.

4 декабр куни бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларига кўра, иқтидордаги "Ягона Россия" партияси овозларнинг деярли 50 фоизини тўплашга муваффақ бўлган.

Бироқ мухолифат кучлари Путин ҳукуматини сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаганлар.

Лекин жаноб Медведев сайлов натижаларига қарши уюштирилган норозилик намойиши иштирокчилари фикрларига қўшилмаслиги ҳақида ёзган.

"Шунга қарамасдан, мен сайлов участкаларидаги сайлов қонунчилигига тегишли ҳамма хабарларни текширишга буйруқ бердим", деб ёзган Президент Медведев.

10 декабр куни Москвадаги Кремлга яқин Болотная майдонига 60 мингга яқин намойишчи йиғилган, яна кўплаб одамлар майдонга сиғмай қолганлар.

Ушбу намойишлар Россияда Шўролар қулаганидан кейинги энг йирик оммавий норозилик бўлган.

Мухбирларга кўра, Владимир Путин ўзининг 12 йиллик ҳукмронлиги давридаги энг кучли сиёсий босимга дуч келган.

Шанба кунги намойишлар ортидан Бош вазир матбуот котиби эҳтиёткорона баёнот эълон қилган.

Тунда Бош вазир матбуот котиби Дмитрий Песков эълон қилган баёнотида "аҳоли қатламининг демократик протести бутун мамлакатни акс эттирмайди", дейилади.

"Биз норози намойишчиларнинг нуқта назарларини ҳурмат қиламиз. Юз бераётган нарсаларни биз эшитаяпмиз ва уларни тинглашда давом этамиз", дейилади Россия Бош вазири номидан эълон қилинган баёнотда.

12 декабр куни ҳам Москвадаги Болотная майдонида 300 тача намойишчи йиғилган.

Улар рус миллатчилари бўлганлар, улар ҳам Дума сайлови натижаларини бекор қилишни талаб этганлар.

Намойишда рус миллатига мансуб инсонларнинг Россия сиёсатидаги иштирокини ошириш талаби илгари сурилган.

Бу мавзуда батафсилроқ