Бош вазир Гилоний: Покистон таъминот йўлини бир неча ҳафта очмоқчи эмас

Бош вазир Юсуф Ризо Ғелоний Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Бош вазир Юсуф Ризо Ғелоний, Покистон билан Америка ўртасида ишонч йўқ, дейди

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гилоний Би-би-си билан суҳбатида айтишича, Америка билан Покистон бир-бирига ишончни йўлга қўйишлари учун кўп ҳаракат қилишлари лозим.

Жаноб Гилоний ўз интервьюсида кўплаб саволларга жавоб қайтарган.

Бу саволлардан асосийси Афғонистондаги хорижий қўшинларга мўлжалланган таъминотни Покистон орқали етказилишига расмий Исломобод томонидан қўйилган тўсиқ ҳақида бўлган.

"Покистон орқали Афғонистонга НАТО карвонларининг ўтиши тўхтатиб турилиши бир неча ҳафта давом этиши мумкин", деб айтган жаноб Гилоний.

Икки ҳафта олдин АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида Афғон-Покистон чегара нуқтасидаги 24 Покистон ҳарбийси ўлдирилган, бунга жавобан Покистон ўз ҳудудидан Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун таъминот олиб ўтилишини тўхтатиб қўйган эди.

Шунингдек, расмий Исломобод Покистон Балужистонидаги Шамси ҳарбий базасидан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни талаб қилган.

Покистон расмийларига кўра, талаб қилинган вақтда, яъни 11 декабр куни тушдан кейин сўнгги АҚШ ҳарбийларини олиб учган учоқ Шамси базасини тарк этган.

НАТО раҳбарияти Покистон ҳарбийлари ўлимига олиб келган ҳаво ҳужуми учун кечирим сўраган, АҚШ расмийлари ушбу ҳодисани фожеа деб атаган.

Би-би-сининг, ушбу ҳаво ҳужуми атайдан ва олдиндан режалаштириб амалга оширилганига ишонасизми, деган саволига Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гилоний "кўринадики, ҳа", дея жавоб қайтарган.

АҚШ билан Покистон бир-бириги кўпроқ ишониши керак, деб айтган жаноб Гилоний.

"Ҳа, ўртадаги ишончда жарлик бор. Биз бирга иш олиб бораяпмиз ва ҳамон биз бир-биримизга ишонмаймиз", деб айтган Покистон бош вазири.

"Ўйлайманки, биз алоқаларимизни бир-биримизга кўпроқ ишонч берадиган даражада яхшилашимиз керак", деган Юсуф Ризо Гилоний.

Суҳбатда жаноб Гилонийдан Покистон Президенти Осиф Али Зардорий саломатлиги ҳақида сўралган.

Жаноб Зардорийнинг Дубайда даволанаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, Покистон бош вазири президентнинг юрак хуружига учрагани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Дубайдаги манбаларга кўра, Осиф Али Зардорий истеъфога чиқиши ҳақида мактуб ёзган.

"У нима учун бундай мактуб ёзиши керак? Ахир уни бутун парламент қўллаб-қувватлаб турган бўлса", дея бу борадаги саволга жавоб қайтарган Юсуф Ризо Гилоний.

У Покистон армияси президентни қудратдан ағдаришга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этган.

Давлат тўнтариши ҳақидаги даъволарни "миш-миш бу миш-миш", деган жавноб Гилоний.

Бу мавзуда батафсилроқ