Эдуард Кокойти Жанубий Осетия раҳбарлиги лавозимидан кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шу кунларда Цхинвалида жамоатчилик билан учрашган Эдуард Кокойти Жанубий Осетия президенти лавозимидан истеъфога чиқишини билдирди.

Мустақиллиги тан олинмаган республикани Бош вазир Вадим Бровцев вақтинча бошқарадиган бўлди. Бровцев 11 декабрдан бошлаб вақтинчалик президент вазифасини бажаришга киришди.

Кокойти фуқароларни 25 мартда янги президентни сайлашга ва “бахтли келажак учун овоз беришга” чақирди.

Кокойтининг истеъфоси бўлгунчи республикадаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Кокойти ва президентликка собиқ номзод Алла Жиоева ўртасида қабул қилинган битимда кўриб чиқилганди. Кокойти президентликдан кетиши, Жиоева эса 10 кундан бери марказий майдонда намойиш ўтказаётган тарафдорларини олиб кетиши лозим эди.

Кокойти жаноблари Жанубий Осетиянинг мавжуд ҳукумати “норинж инқилобини енга олгани”ни таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Жанубий Осетия “ҳар доим буюк Россия билан бирга бўлган ва бўлади”.

“Россия - Жанубий Осетиянинг ягона стратегик ҳамкоридир, ва биз ҳеч кимга муносабатларимизни бузишга йўл қўймаймиз”, - деган Эдуард Кокойти.

Жамиятдаги бўлиниш

Жума куни кечқурун Кокойти ва Жиоева Жанубий Осетиядаги сиёсий можарони ҳал этиш ҳақида битим имзолади. Ушбу битим мухолифат тарафдорларининг оммавий чиқишлари манзарасида имзоланди.

27 ноябрда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи турида Марказий сайлов қўмитасининг дастлабки маълумотлари бўйича мухолифатчи, собиқ таълим вазири Алла Жиоева ютиб чиқди. У расмий Москва қўллаган номзод, фавқулотда ҳолатлар вазири Анатолий Бибиловни ортда қолдирди.

Бироқ Бибиловнинг жамоаси қонунбузарликлар ҳақида шикоят билан чиқди. Жанубий Осетия Олий маҳкамаси ушбу айбловларга асосланиб сайлов натижаларини бекор қилди. Парламент зудлик билан янги сайловларни 25 мартга белгилади.

Шундан сўнг Цхинвалида норозилик намойишлари бошланиб кетди, мухолифат тарафдорлари шаҳарнинг марказий майдонини эгаллашди.

“Мен сизларга хушхабар билан келдим. Жанубий Осетия жамоатчилиги икки қисмга бўлиниб кетганди, бизнинг бугунги битимимиз жамиятимизни бирлаштиришга хизмат қилади”, - дея жума куни кечқурун тарафдорларининг ўнгида чиқиш қилган Жиоева хонимнинг сўзларини Интерфакс агентлиги ихтибос қилади.

Келишувга биноан Жанубий Осетия президенти шанба куни лавозимидан кетди. Сайловларгача президент вазифасини бош вазир Вадим Бровоцев бажариб туради.

Россия – кафолатчи

Шу билан бирга янги ҳукумат раҳбарининг ўринбосари мухолифат вакили бўлиши шарт. Бундан ташқари, интерфакснинг хабар беришича, бош прокурор Таймураз Хугаев, унинг ўринбосари Элдар Кокоев ва Олий маҳкама раиси Ацамаз Билченовлар ўз лавозимидан кетади.

Жиоеванинг айтишича, мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги муҳокамаларда воситачи бўлган Россия эришилган битимнинг кафолатчиси бўлиши лозим. Муҳокамалар жараёнида Россия президенти маъмуриятининг раҳбари Сергей Винокуров иштирок этганди.

Ўз навбатида Кокойти мухолифат билан келишув амалдаги ҳукуматнинг ғалабаси эканлигини билдирди.

“Бу амалдаги ҳукуматнинг ғалабаси деб ҳисоблайман. Қон тўкилшининг олдини олдик ва очиқ айтишим мумкинки, “норинж инқилоби” даф этдик ва халқимизни нотўғри қарор беришдан сақлай олдик”,- дейди Грузиядан ажралиб чиққан, тан олинмаган республиканинг собиқ раҳбари.

Мухолифат ва Жанубий Осетия ҳукумати Алла Жиоева 25 мартда бўлиб ўтадиган сайловларда қатнашиши ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳақида ҳам келишган. Бироқ мухолиф сиёсатчи россиялик журналистларга президентликка номзодини қўйиш борасида бирор қарорга келмаганини билдирди.

Бунгача Жанубий Осетия Олий маҳкамаси Жиоева хоним президентлик сайловларида иштирок этолмайди дея қарор чиқарганди.

30 ноябр куни мухолифат лидери халққа қилган мурожаатида ўзини сайланган президент дея эълон қилганди. Яна у Олий маҳкама сайловларни тан олмаслик қарорини бекор қилса, Кокойти ва унинг яқинларига хавфсизликни кафолатлашни ваъда берганди.

Тан олинмаган республикадаги сайловларда қатнашган россиялик кузатувчилар сайлов куни битиш билан уни қонунбузарликларсиз ўтганини билдирди.

Пайшанба куни Жиоева хоним Жанубий Осетияда Владимир Путинни Россия президенти этиб сайлашда дастак кўрсатувчи халқ фронти тузилганини маълумлади ва унга Жиоевани сайлаган Жанубий Осетиялик барча 16 минг фуқаро киражагини билдирди.

Янги баҳс

Шанба куни Цхинвалидаги марказий майдонда муддатсиз митинг ўтказаётган Жиоеванинг тахминан 300 тарафдори ўз чодирларини йиға бошлади. Бироқ, Жиоева хоним журналистларга, уларнинг бир қисми Эдуард Кокойти битим шартларини бузган деб ҳисоблаб ўз жойларида қолмоқчи эканлигини маълумлаган.

Ўз ваколатини топширишдан олдин, эндиликда собиқ президент, янги тайинлашлар борасида бир қанча қарорлар имзолади. Уларнинг орасида ҳукуматнинг бош вазир ўринбосари ва Цхинвали маъмурияти раҳбар лавозимлари бор.

Жиоева ва уни дастаклаётганларнинг норозилигига собиқ бош прокурор ўринбосари Элдар Кокоевнинг Конституцион маҳкама раиси этиб сайланиши сабаб бўлди. Келишилган битим бўйича Кокоев ишдан бўшатилиши керак эди.

“Эдуард Кокойти 10 йил мавжуд бўлмаган Констицион маҳкамани 10 сонияда тузди. Ўзининг фармойиши билан битимга тўғри келмайдиган 10 дан ортиқ тайинлашларни амалга оширди. Агар битимнинг тўлиғича бажарилмаса, мен ўз имзоимни қайтиб олишга ҳақлиман”, - дейди Алла Жиоева.

Жиоева хоним президент вазифасини вақтинча бажарувчи Вадим Бровцев билан учрашиб, Кокойти томонидан амалга оширилган тайинлашларни бекор қилишга эришини маълумлади.

Бундан ташқари мухолифат лидери “Адолат” партиясини тузиш режаси борлигини билдирди.