Ўзбекистондаги янги президентлик ваколати ҳақида Россия газетлари нима дейди?

Image caption Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар Россия матбуотининг нигоҳидан ҳам четда қолмаган

Ўзбекистонда президентлик ваколатининг 7 йилдан 5 йилга қисқартирилиши Россия матбуотида ҳам яхшигина акс-садо бермай қолмаган.

Жумладан, “Московские новости” газетининг ушбу мавзудаги “Эркинлик таъмини туйиб” номли мақоласи Ислом Каримов ўз хизмат ваколатини қисқартирмоқда, деган тагсарлавҳа билан давом этади.

Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардор кузатувчиларнинг сўнгги янгилик президент Каримов ўзига ворис тайёрлаётганига далолат қилишига ишончлари комил, деб ёзади мақолада.

Шундан сўнг, мақолада ушбу ташаббус билан шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи чиққанига диққат қилинади ва мушоҳадага киришилади.

“2002 йилнинг январ ойида ҳам бунинг тескариси кузатилиб, Ўзбекистонда референдум билан президентлик ваколати беш йилдан етти йилга узайтирилганди. 2000 йилда яна беш йилга президент этиб қайта сайланган Ислом Каримов ўша пайтда бундан яна ўз лавозимида уч йилча қолиш учун фойдаланганди. Агар ушбу схемага таянилса, Ислом Каримов президентлик сайловларига номзодини аввал тахмин этилганидек 2014 йилда эмас, 2012 йилдаёқ илгари суриши мумкин”, дейилади мақолада.

Ва ушбу мушоҳаданинг ортидан расмий Тошкент ҳали-ҳануз президентлик ваколати нега қисқартирилгани сабабини дуруст-қуруқ асослаб бермагани айтилади.

Мақола Ўзбекистоннинг ўзида айрим таҳлилчилар шу йўл билан Ислом Каримов қудратдан воз кечишга ҳозирланаётган бўлиши мумкин, деган тахминда эканликларига оид сўзлар билан давом этади.

Муаллиф, ўз ўрнида, Ўзбекистонда токи Ислом Каримов ҳаёт экан, ундан бошқа бирор кишининг давлат раҳбари бўлишига оид фикр қарийб ақлга сиғмас эканини айтади.

“Гарчи шахсан ўзи бу хусусда ҳали бир сўз айтмаётган эса-да, 2014 йилда ҳам президент Каримовнинг ўзи беш йиллик президентлик ваколатига даъвогарлик қилишига ҳам деярли ҳеч ким шубҳа қилмайди” Мақолада ёзилишича, Америка қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилги сафарбарликлари яқинлашиб қолар экан, расмий Тошкент ва Вашингтон орасидаги алоқаларнинг шиддат билан яхшиланаётгани яққол кўзга ташланиб бормоқда.

“Бунақа вазиятда расмий Тошкент шафқатсиз мустабид тузум имажидан халос бўлиши керак”, деб давом этади мақола.

Мақолада ёзилишича, 5 йил руҳий хасталиклар шифохонасида тутиб турилган мустақил журналист Жамшид Каримовнинг озод этилиши дохил Ўзбек ҳукуматининг сўнгги пайтлардаги айрим амалларини худди шу фактор билан изоҳлаш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ