Россиядаги оммавий намойишлар Путинга босим кўрсатмоқда

Намойишчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Путин ўз ҳукуматини яна қанча сақлаб қола олади?

Владимир Путин келгуси йил бўлиб ўтажак президентлик сайловида ютқазиши мумкинми?

Саволнинг бу шаклда қўйилиши Россиянинг жуда қисқа фурсат ичида қанчалар ўзгарганини кўрсатади.

Уч ой аввал ҳам жаноб Путин мамлакатни тўлиқ назорат қилаётгандек эди.

Ҳатто 24-сентябрда ҳам, Россия бош вазири яна президентликка ўз номзодини илгари суришини эълон қилар экан, унинг ғалабасига саноқли одамларгина шубҳа қилганди.

Кремлнинг "идора этилувчи демократия" тизими жаноб Путин рақибларини сиёсатдан четга суриб ташлади; у ҳақидаги ТВ кўрсатувлар эса фақат ижобий эди; декабр ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари жаноб Путиннинг Кремлда эҳтимол яна 12 йил ҳукмронлик қилиши учун навбатдаги босқич эди, холос.

Аммо, энди Владимир Путин ўз сиёсий фаолиятидаги энг оғир дамларни бошдан кечирмоқда.

Унинг обрўйи тушиб бораётгани парламент сайловларидан сал аввалроқ сезила бошлади.

Ўтган ой спорт кечаларидан бирига тўпланган одамлар унга фахрий меҳмон сифатида келган жаноб Путинни ҳуштак чалиб, норозилик билан кутиб олишди.

Бош вазир маслаҳатчилари унинг обрўйи тушиб кетаётгани ҳақидаги фикрлар асоссиз эканини айтишди.

Аммо энди улар Владимир Путин ўтган ҳафтани жуда ёмон ўтказганини инкор эта олишмайди.

Аввалига, унинг партияси - "Ягона Россия" парламент сайловларида, унинг фойдасига сохталаштиришлар бўлганига оид ҳисоботлар кўп янграган эса-да, зўрға ғалаба қозонди.

Россиялик ва халқаро кузатувчилар сайловлар на эркин ва на адолатли ўтганини айтишди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон сайловларни "камчиликларга тўла" дея таърифлади.

Ана ундан кейин кўча намойишлари бошланди.

Ўтган душанба куни минглаб москваликлар сайлов натижаларини бекор қилиш ва янги сайловларни ўтказишни талаб қилишди. Улар орасида "Путин истеъфога чиқ!" - деган қичқириқлар янгради.

Дам олиш кунлари эса ўн минглаб одамлар Москва марказига тўпланиб, айни талабларни қўйишди. Бу Совет Иттифоқи қулаганидан буён Москвада кузатилаётган энг йирик намойишлар эди. Мамлакат бўйлаб яна ўнлаб шаҳарларда кичикроқ ҳажмдаги норозилик чиқишлари бўлиб ўтди.

Энг мураккаб вазифа

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Владимир Путин президент сайловидан олдин ўзини барқарорлаштирувчи куч сифатида тақдим этиши мумкин

Дастлабки тартибсизликларга эътибор бермаган давлат телевидение каналлари шанба кунги намойишларни номига ёритишди.

Бироқ кўпчилик россияликлар сайловлар ҳақида якуний хулосага келиб бўлиши аниқ.

Улар кремл томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбирни "қаллоблик" дея баҳолашади.

Шундай эсада Владимир Путин март ойида бўлажак сайловда ғалаба қиладиганга ўхшайди.

Ҳозирда унга муқобил сиёсатчи йўқ. У барпо этган сиёсий тузум ҳар қандай жиддий рақибнинг чиқишига монеълик қилади.

Коммунистлар раҳбари Геннадий Зюганов, либераллар етакчиси Григорий Явлинский ва социал-демократ Сергей Миронов кабилар каби 2012 йилда президентликка ўз номзодини сиёсатчилар аввал ҳам жаноб Путинга мағлуб бўлишган.

Владимир Путин ўнгида турган энг мураккаб вазифа эндиликда президент сайловининг биринчи даврасидаёқ ғалаба қилиш ва унинг қонунийлигини кафолатлаш бўлади.

Президент сайлови ҳам парламент сайловлари сингари танқидларга учраши мумкин.

Хўш, Владимир Путин қандай йўл тутиши мумкин?

Кремл вақтдан фойдаланиб вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиши мумкин.

Президент Медведев аллақачон сайловдаги қаллобликлар юзасидан текширувлар ўтказишга чақирди.

Бироқ у сайловлар қай тарзда ва ким томонидан ўтказилиши борасида аниқ маълумот бергани йўқ.

Дмитрий Медведев бу амали билан намойишларни тўхтатиб қололмаслиги ҳам мумкин.

Аммо жаноб Путин мухолифат ичидаги келишмовчиликлар унинг фойдасига иш беришига умид қилаётган бўлса ажабмас.

Владимир Путинг ўзини "Ягона Россия" партиясидан узоқлаштириши мумкин.

Бош вазир тузган партия бугунда мухолифат томонидан "муттаҳамлар ва ўғрилар партияси" номини олган.

Бу мавзуда батафсилроқ