Оврўпо Иттифоқи қарз бўҳронига ечим топишга умид қилмоқда

Брюссел Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Евро тақдири Брусселга йиғилганлар асосий диққат эътиборида

Оврўпо Иттифоқи лидерлари евро пул бирлиги амалда бўлган мамлакатларда вужудга келган қарз бўҳронига ечим топиш учун Брюсселда фавқулодда музокаралар олиб боришмоқда.

Улар улкан қарз ботқоғига ботган Юнонистонга иккинчи бор молиявий ёрдам бериш масаласида бир тўхтамга келишлари лозим бўлади.

Юнонистондаги вазият Италия ва Испанияга ҳам таҳдид солиши мумкин.

Айрим иқтисодчиларга кўра, ҳаттоки, евро пул бирлиги ҳам хавф остида.

Оврўпо Иттифоқи ҳукуматлари ва Халқаро Валюта Жамғармаси Юнонистонга 11 миллиард доллар қарз берган ва ҳозирда яна шунча рақам муҳокама қилинмоқда.

Муаммо бутун евро лойиҳасининг нақд юрагига бориб тақалади.

Оврўпода муштарак пул бирлиги лойиҳасига кўра, евро долларга рақиб мустаҳкам глобал валюта бўлиши керак эди.

Аммо евро қарз олишни осонлаштирган ва натижада Юнонистонга ўхшаш Оврўпо Иттифоқига аъзо иқтисоди заиф айрим давлатлар пулни орқа-ўнгига қарамай сарфлашни бошлаганлар.

2004 йили Афинада бўлиб ўтган олимпия уйинлари бунга мисол бўла олади.

Олиймақом, жуда ҳам қиммат ва бюджетдан ошиб кетган бу ўйинлар Юнонистоннинг зиммасидаги қарзни янада кўпайтирди.

Евронинг тақдири

Глобал иқтисод заифлашган пайт Юнонистон каби мамлакатлар муаммоси янада чуқурлашди.

Одамлар ишларини йўқотишди, бизнеслар ёпилди. Натижада солиқ тушумлари камайди ва бу, ўз навбатида, ижтимоий соҳаларга харажатларни қисқартиришга мажбур қилди.

Давлат қарзининг йириклиги туфайли қарз берувчилар ёки тижорий йўлда қарз берганлар бу давлат қарзини қайтариб тўлай олишига шубҳа қила бошладилар.

Ҳозирда еврони сақлаб қолиш учун ҳозирда турли сценарийлар ҳақида гапирилаяпти.

Жумладан, Юнонистонга ўхшаган заифроқ давлатларнинг евро ҳудудидан чиқиши.

Аниқ бўлган нарса шуки, қарз инқирози ёйилмокда.

Агар Юнонистон қарзини тўлай олмаса, бу унга қарз берган кўплаб банклар учун фалокат бўлади.

Шунинг учун ҳам Оврўпо давлатлари елкама-елка туриб, азобни биргаликда тортишга маҳкумлар.