Би-би-си сўрови: фақат россияликлар "араб баҳори"га қарши чиқишди

Араб баҳори
Image caption "Араб Баҳори" ҳақида фикрлар бир хил эмас

Дунёнинг 22 мамлакатида Би-би-си топшириғи билан ўтказилган янги сўров натижаларига кўра, унда иштирок этганларнинг ярмидан кўпроғи "араб баҳори" номини олган инқилобларни ижобий баҳолаган.

Айниқса, Оврўпо мамлакатлари араб дунёсидаги ҳодисалардан мамнун эканликларини билдирган.

Араб дунёсидаги эврилишларда Тунис ва Мисрни узоқ йиллар давомида идора этган президентлар қулатилди.

Ушбу ўзгаришлар жараёнининг қандай натижа билан якунланишини баҳолашга ҳали эрта, бироқ Би-би-си учун Globescan халқаро ижтимоий сўров хизмати ўтказган сўров хулосасига кўра, араб дунёсидаги эврилишлар, умуман олганда, ижобий баҳоланган.

Сўровда иштирок этганларнинг 55% эврилишлар "умуман олганда мусбий", деган фикрни изҳор этган.

Респондентларнинг 28% эса араб дунёсидаги ўзгаришлар "умуман олганда салбий ", деган қарашда экан.

Араб давлатларидаги ўзгаришлардан энг кўп ғарбий Оврўпа давлатлари хушнуд бўлган.

Сўровда иштирок этган олмонларнинг 78%, франсаликларнинг 76% эврилишларни "ижобий", дея баҳолаган.

Сўров қилинган уч Африка мамлакатидан иккитаси - Нигерия ва Кения - "араб баҳори" ҳақида мусбий фикрни билдирган.

Араб эврилишларини бошдан кечирган Мисрда ҳам омма фикри ўрганилган.

У ерда аҳолининг 72% юз берган ўзгаришларни "мусбий", 26% эса "салбий" дея баҳолаган.

Лотин Америкасида ҳам оммавий ғалаёнлар ҳақида жамоатчилик фикри мусбий экани маълум бўлган.

Сўровда иштирок этган мамлакатлардан биргина Россияда кўпчилик, яъни респондентларнинг 43% араб мамлакатларидаги инқилобларга салбий муносабат билдирган.

Globescan бошлиғи Даг Миллернинг хулоса қилишича, "араб баҳори кенг дастакка эга эса-да, одамлар эҳтиёткорлик билан фикр билдирганлар."

Омма сўрови Ливияда Қаддофий режимининг қулаши ҳамда Миср ва Сурияда янгидан бошланган ғалаёнлардан олдин ўтказилган.

Телефон орқали ўтказилган сўровда ҳаммаси бўлиб 21558 одам иштирок этган.

Бу мавзуда батафсилроқ