Халқаро Жиноят маҳкамаси Қаддофийнинг ўлимига жиноят сифатида қарамоқда

gaddafi Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Видеолавҳаларда Муаммар Қаддофий ҳаётининг сўнгги лаҳзалари муҳрланган

Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамаси бош прокурори Луис Морено-Окампо Ливия собиқ диктатори Муаммар Қаддофийнинг ўлими " шубҳа уйғотиши"ни айтган.

Диктаторнинг ўлими ҳарбий жиноят орқасидан содир этилган бўлиши мумкинлигини эълон қилган.

Морено-Окампонинг таъкидлашича, Халқаро жиноят маҳкамаси вакиллари ўзларининг шубҳаларини Миллий ўтиш кенгаши - Ливиянинг ўтиш даври ҳукуматига тақдим қилганлар.

Қаддофий шу йилнинг октябр ойида Миллий ўтиш кенгаши тарафдорлари томонидан ота шаҳри Сирт яқинида қўлга олиниб, ўлдирилган эди.

Даставвал, Миллий ўтиш кенгаши расмийлари Қаддофийнинг ўлими курашаётган икки томоннинг қуролли тўқнашуви орқасидан содир бўлганини даъво қилишган.

Кейинчалик, ғарб сиёсатчиларининг босими остида текшириш ўтказишга розилик беришган эди.

"Қаддофийнинг қай тарзда ўлдирилганлиги, бу ерда ҳарбий жиноят содир этилган, деган шубҳани уйғотади,- деган Морено-Окампо журналистларга.- Ўйлайманки, бу жудаям муҳим савол.

Биз вақтли ҳукуматга ўз хавотирларимизни билдирдик.

Ва улар бу жиноятни тўлиқ текшириб чиқиш стратегиясини ишлаб чиқишмоқчи".

Аксилқаддофий кучлар ағдарилган диктаторни цемент қориладиган туйнукдан топишган.

Ҳаваскор суратга олинган видеолавҳаларда Қаддофий қўлга олинган пайтда ярадор, лекин тирик қолганини кўриш мумкин.

Сайфул Ислом Ливияда маҳкамага тортилади

Видеолавҳаларга кўра, Қаддофийни ўраб олган қўзғолончилар уни судраб, тепкилашади.

Қаддофий оломон орасида кўринмай қолганидан сўнг, бир неча марта ўқ овозлари эшитилади.

Қаддофий билан бирга унинг ўғли Муттасим ҳам қўлга олинган ва олган жароҳатлари орқасидан ҳалок бўлган.

Олдинроқ Халқаро жиноят маҳкамаси Ливиянинг янги ҳукумати томонидан қўлга олинган Қаддофийнинг бошқа ўғли Сайфул Исломга нисбатан ҳарбий жиноятлар содир этганлик айбини қўйган.

Ҳозирда Сайфул Ислом Ливиядаги турмада бўлиб, Халқаро Жиноят маҳкамасининг бош прокурори уни Гаагада эмас, Ливияда маҳкамага тортилишига розилик берган.