Россия БМТга Сурия бўйича ўз резолюциясини таклиф қилган

syria Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ғарб давлатларининг вакиллари Москва ташаббусидан бироз таажжубланганлар

Россия БМТ нинг хавфсизлик кенгашига Суриядаги инқироз бўйича ўзининг шахсий резолюциясини тақдим қилган.

Бундан олдин Россия Башар ал- Асад тузумига қарши ҳар қандай халқаро босимга қарши чиқиб келган.

Би-би-си мухбири Барбара Плетга кўра, ғарб давлатлари вакиллари Москва ташаббусидан бироз таажжубланганлар.

5 октябрда Россия ва Хитой ўзларининг вето қилиш ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, ғарб давлатлари таклиф қилган резолюцияни ёпишга эришган эдилар.

БМТнинг охирги ҳисоботларига қараганда, Суриядаги қўзғолон қариийб беш минг кишининг умрига зомин бўлган.

БМТнинг Россиядаги доимий вакили Виталий Чуркинга кўра, Россия лойиҳаси дунё аҳлининг Суриядаги воқеалардан қаттиқ хавотирини инобатга олган ҳолда, қарама-қаршиликларга тезроқ барҳам беришга қаратилган.

Ғарб мамлакатлари элчилари Россия илгари сурган лойиҳани муҳокама этишга тайёрликларини айтишган.

Лекин ҳозирги ҳолида Суриядаги инсон ҳуқуқларини жиддий акс эттирмаслигини таъкидлашган.

Шунингдек, Россия резолюцияси Ассад тузуми ва мухолифатни бир мавқеъда ифодалаган.

Ғарб давлатларининг фикрича, зўравонликларга масъулиятни аввало Сурия ҳукумати ўз бўйнига олиши керак.

Россия тақдим этган ҳужжатга кўра, ҳар қандай зўравонликни , шу жумладан Сурия ҳукуматининг тенг бўлмаган куч ишлатишини ҳам кўриб чиқиш лозим.

Москва " Суриядаги жангари гуруҳларга ноқонуний қурол етказиб берилаётганлигини ҳам " алоҳида таъкидлаган.

Бу бизнинг назаримизда асосли эмас ,- деган исмини ошкор этмаган ғарб элчиларидан бири Франс пресс агентлигига.

" Россия резолюция лойиҳасини жаҳон жамоатчилигининг босимини ҳис қилиб, эълон қилди",-деган Франция элчиси Жерар Аро.

Россия нимага Ассадни ҳимоя қилмоқда?

Ғарб элчиларининг, Сурияга қурол етказиш бўйича контрактни сақлаб қолиш учун Россия Ассад тузумини қўллаётганлиги даъвосини Москва рад қилган.

Ўз навбатида Россия расмийлари, ғарб давлатлари Сурияда ҳам " Ливиядаги ҳукумат алмашиши режасини" ишга солишмоқчи эканини таъкидлашган.

Россия элчиларининг Сурия мухолифати расмийлари билан кейинги ойларда олиб борган учрашувлари натижасиз якунланган.

Шу ҳафтада аввал Москвада ишлаган, ҳозирда Туркияда қочқин бўлган суриялик собиқ элчининг Би-би-сига айтишича," Россиянинг мавқеи бир қанча сабабларга боғлиқ.

Эрон томонидан ҳар доим европаликларга имкониятни бериб қўймаслик босими мавжуд",- деган у.

" Мен Россиянинг Суриядаги элчиси Азамат Қулмуҳамметов билан учрашиб, унга Сурияда одамлар ўлдириляпти.

Бу худди Россиядаги 1991 йилги революцияга ўхшайди.

Мен ўшанда одамларнинг Совет диктатурасидан қутилганларидаги ҳаяжонларини кўрганман.

Нега энди сизлар Сурияга нисбатан бундай йўл тутаяпсизлар,деб сўрадим " ,- деган собиқ элчи.

Унга кўра Россия элчиси Москва Сурия халқини қўлламоқда, деган.

Бу ёлғон,-деган собиқ элчи Би-би-сига.

Агар улар халқ билан бирга турганларида Сурия ҳукуматини мухолифат билан муросага боришга мажбур қилишарди."

Россия расмийларининг айтишича, Дамашқ музокарага тайёр.

Лекин учрашув фақатгина Суриядаги қон тўкишлар тугатилгач, амалга ошиши мумкин.

Тўппончани бошга ўқталган ҳолида қандай учрашув ҳақида гап бўлиши мумкин?

Мен Россиянинг бу борадаги мавқеи камида Сурияда бегуноҳ одамлар ўлдирилишини тўхтатишдир , деб биламан.

Афсуски, Россиянинг ҳозирги мавқеи Сурия халқига қарши.Бу эса жуда ёмон қарордир",- деган собиқ элчи."