'АҚШ тайёрловдан ўтказган маҳаллий полиция қонунбузарликларга қўл урган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ ҳарбийлиги ўтказган текширувлар натижасида Қўшма Штатлар тайёрловдан ўтказган афғон маҳаллий полиция кучлари баъзи инсон ҳуқуқларини топташ амалларига қўл уришгани аниқланган.

Текширувлар Ҳюман Райтс Уотчнинг айрим Афғон Маҳаллий Полиция бўлинмалари жинсий зўравонлик ва қотиллик дохил қатор жиноятларни содир этганлари борасидаги ҳисоботи ортидан бошланган.

АҚШ текширув ҳайъати вазиятни ўнглаш учун тавсиялар ҳам берган. Афғон Маҳаллий Полиция бўлинмаларда инсон ҳуқуқлари бўйича машғулотлар ўтказиш шулар жумласидандир.

Полиция қўл урган қонунбузарликлар юзасидан текширувлар Афғонистон ҳукуматининг аралашувисиз НАТОнинг Афғонистондаги қўмондони Жон Аллен буйруғи билан амалга оширилган.

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида инсон ҳуқуқларини топташга оид жами 46та даъво ўрин олганди.

Америка ҳарбийлиги ўтказган текширувлар давомида ушбу даъволарнинг 7таси ишонарли деб топилган.

Улар орасида Афғон Маҳаллий Полиция бўлинмаси қўмондонини ўлдириш ҳодисаси ҳам бор. Қотилликка қўмондон гаров пули эвазига полиция тарафидан ўғирлаб кетилган икки болани озод қилишга уринган пайти қўл урилган.

Текширувларда 10та иддао юзасидан ишончли далиллар топилмаган, 14таси тасдиқланмаган ва 15та даъво қисман асосли деган хулоса келинган.

"АҚШ текширув ҳайъати майда ўғирлик ва ўз вазифасини суиистеъмол қилиш каби ҳоллардан шикоятлар айрим афғонларни Толибонни дастаклашга етаклаётганини тан олади", дейди Би-би-сининг Кобулдаги мухбири. 'Ўта муҳим хизмат'

"Ҳюман Райтс Уотч ўз ҳисоботида номақбул муносабатларга оид иддаоларга диққат қаратади. Ўтказилган текширувлар эса, энг аввало, АҚШ ҳарбийлиги бу каби кенг ёйилган даъволарга жиддий қараётганини намойиш қилади", дейилади текширув хулосасида.

Айни пайтда америкаликлар ҳисоботида Ҳюман Райтс Уотч Афғон Маҳаллий Полициясининг "ўта муҳим хизмати" - "афғонларга ҳар куни 30 йиллик ихтилофларга барҳам бериш ва тинч-осойишта яшаш имконияти яратаётгани"ни эътиборга олмагани айтилади.

Афғон Маҳаллий Полицияси сафида ҳозир 9 минг киши хизмат қилади ва уларнинг сони 30 мингга етказилиши кутилмоқда.

Қўшма Штатлар ҳарбийлиги ушбу кучлар Ироқдаги маҳаллий ҳарбийлар каби Афғонистондаги исёнкорликка қарши курашишга қодир бўлишига умид қилади.

Улар АҚШ махсус кучлари тарафидан тайёрловдан ўтказилади, аммо янги аъзолар қишлоқликларнинг ўзлари тарафидан танланади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар эса, ушбу ташаббус афғон қўмондонларининг хусусий ҳарбийлар сақлашини қонунийлаштириш билан бирга назорат қилиш мушкул бўлган гуруҳларни тузишга етаклаши мумкинлигидан хавотир билдиришади.