Филиппинда юз берган кучли довулда юзлаб одамлар ҳалок бўлган

philippines Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Филиппинда ҳар йили 20га яқин довул ва бўронлар юз беради

Филиппинда юз берган вайронакор довулдан кейин 800дан зиёд инсон бедарак кетган.

Энг кучли тўлқинлар мамлакат жанубидаги Минданао ороли соҳилларига бориб урилган.

Қутқарув ва ёрдам ишларига минглаб ҳарбийлар жалб этилган, тошқинлар узиб қўйган олис қишлоқларга етиб бориш мушкул бўлаяпти.

Шу пайтгача табиий офат оқибатида 650 дан ортиқ одам нобуд бўлгани тасдиқланган.

Энг кўп курбонлар Минданао оролидаги Илиган ва Кагаян-де-Оро шаҳарларига тўғри келади.

Одамлар бор кучлари билан тепа жойларга чиқишга уринишмоқда.

Миллий агентликнинг фавқулодда вазиятлар бўйича раҳбари Бенито Рамоснинг билдиришича, жабрланганлар ҳақида маълумотларнинг кети узилмаётганлиги боис, қурбонлар сони ҳам ошиши мумкин.

Бенито Рамоснинг сўзларига кўра, сув сатҳининг шаддат билан кўтарилиши тун пайтига тўғри келганлиги боис, одамлар ғафлатда қолишган.

Кучли довул дарёларни ўз қирғоғидан чиқариб юборган. Катта майдонлар электр энергиясисиз қолган.

Соатига 90км тезликда эсган кучли шамол оқибатида ички ҳаво қатновларининг бир қисми бекор қилинган.

Жадал кидирув ишлари

Кагаян-де-Оро шахрининг чеккаларига 10 минг кишидан иборат армия бўлинмалари қўтқарувчиларга ёрдам сифатида сафарбар этилган.

Факат шу шаҳарнинг ўзида 100 кишининг ўлиги топилган,уларнинг кўпчилиги ёш болалар бўлган.

Метеорологларнинг хабар беришича, шанба куни эрта тонгда "Ваши" тропик довули шиддат билан Диполог шаҳридан Илиган ғарбига қараб юрган.

Айни пайтда Сулу денгизи устида Палаван оролига қараб ҳаракат қилмоқда.

Минданао оролининг гарбида кўчки босиши оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Қутқарувчилар тахминан қанча одам кўчки остида қолганлигини айтиш имконига эга эмаслар.

Шаҳар мэрига кўра, Илиган атрофида камида 10 қишлоқ сув остида қолиб кетган бўлиши мумкин.

Поланко шаҳрининг шимолий Замбоанга қишлоғидан уч кишининг чўкиб кетгани маълум бўлган.

Бу ҳудудда кучли довул оқибатида ўнлаб қишлоқлар вайрон бўлган, уйларнинг томлари учиб кетган, электр симлари узилган.

Филиппинда ҳар йили 20га яқин довул ва бўронлар юз беради.

Сентябр ойида " Несат" ва " Налгэ" тайфунлари мамлакатда бир неча кун ичида 100дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган эди.