Бангладешлик эркак аёлининг бармоқларини кесиб ташлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи other
Image caption Эрининг қилмиши сабаб, Хаву Актер Жуй энди бир умр майиб бўлиб қолади

Бангладешлик инсон ҳуқуқлари фаоллари хотинининг ўнг қўлидаги бармоқларини кесиб ташлаган 30 ёшли Рафиқул Исломни кескин жазолашни талаб этишмоқда.

Хабарларга кўра, Рафиқул Ислом қилган қилмишига иқрор бўлган.

Унинг айтишича, ўзининг рухсатисиз коллежга кириб, таълим олмоқчи бўлгани учун аёлини шу кўйга солган.

Аммо гумондорнинг сўзларини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи бўлмаган.

Маҳаллий полициянинг айтишича, Рафиқул Ислом ўзи ишлайдиган Бирлашган Араб Амирликларидан яқинда қайтган бўлган.

У шу ой бошида 21 ёшли рафиқаси Хаву Актер Жуйни аввалига дарахтга боғлаб, оғзини тасмалаб, сўнгра бешала бармоғини ҳам кесиб ташлаган.

Шифокорлар унинг бармоқларини қайта тикиб бўлмаслиги, ёш жувоннинг умрбод майиб бўлиб қолишини айтишмоқда.

Хаву Актер Жуй ҳам полиция илгари сураётган фаразни ўз оғзи билан тасдиқлаган.

Ўқимайсан!

Рафиқасининг айтишича, маълумоти ҳаминқадар бўлган эри ўзининг таҳсил олишига қарши бўлган.

Унга кўра, аввалроқ телефон орқали сўзлашганида ҳам, турмуш ўртоғи агар ўзбошимчалик қиладиган бўлса, оқибати ёмон бўлиши билан огоҳлантирган.

"Шифокорлар олти соат ичида бармоқларимни қайта тикиш мумкинлигини айтишди. Аммо эрим бармоқларимни уларга бермади. Қариндошларидан бири уларни ахлат қутисига ташлаб юборди. Алал-оқибат бармоқларимни қидириб топганимизда, анча кеч бўлганди", дейди Хаву.

Юз берган ҳодиса ортидан унинг эри Рафиқул Ислом ҳибсга олинган.

Актер Жуй турмуш ўртоғи билан ортиқ яшаш истаги йўқлигини айтиб, яқинлариникига қайтган.

У коллежга кириш ниятидан қайтмаслиги ва аллақачон чап қўли билан ёзишни машқ қилаётганлигини айтмоқда.

Сўнгги ойларда Бангладешда айнан таълим олмоқчи бўлгани учун аёлларга қарши зўравонлик ҳоллари ортган.

Бу мавзуда батафсилроқ