Эрон телевидениеси "МРБ жосуси" иқрорини намойиш этди

Амир Мирзо Ҳикматий Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрон телевидениеси намойиш этган тасвирларда Амир Мирзо Ҳикматий форс ва инглиз тилларида гапирган

Эрон телевидениеси орқали Марказий Разведка Бошқармаси жосуси бўлганини баён қилган асли эронлик Америка фуқароси намойиш этилди.

Эрон телевидениесига кўра, Амир Мирзо Ҳикматий 2001 йилда АҚШ армиясига олиниб, Эронга юборилишидан олдин махсус тайёргарликдан ўтган.

"Америкалик жосус"нинг қўлга тушгани ҳақида Эрон ҳукумати биринчи марта шанба куни эълон қилган эди.

Аммо Америка расмийлари ушбу баёнотни "ташвиқот" деб айтаганлар.

Вашингтон Амир Мирзо Ҳикматийнинг телевидение орқали берган кўрсатмаларига ҳозирга қадар ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Видео тасвирда Ҳикматийнинг Америка Разведка Бошқармаси эътиборига илк бор 2001 йилда Афғонистондаги Багром базасида тушгани айтилади.

Эрон махсус хизматлари ичига кириш ҳаракатлари ҳақида Ҳикматий форс ва инглиз тилларида сўзлаб берган.

Расмий Теҳрон Қўшма Штатларни Эронга қарши махсус махфий амалиётлар ўтказгани ҳақида бир неча бор айблаган.

Май ойида Эрон Марказий Разведка Бошқармасининг 30 нафар жосусини қўлга туширганини эълон қилганди.

Эрон расмийларига кўра, улар гўёки жосуслик ва қўпорувчилик билан шуғулланганлар.

Ўтган ҳафта Эрон 15 нафар инсонни Қўшма Штатлар ва Исроил фойдасига жосуслик қилишда айблади.

Бу мавзуда батафсилроқ