BBC navigation

Сурия: ўтган икки кун ичида "деярли 200 инсон нобуд бўлган"

Сўнгги янгиланиш 21 декабр 2011 - 08:55 GMT

Би-би-сининг Яқин шарқдаги мухбирига кўра, Сурия кузатувчилар ташрифидан аввал "тозалаш" ишларини олиб бораётган бўлиши мумкин

Суриялик фаолларнинг хабар қилишича, мамлакатда зўравонликлар янада қонлироқ тус олар экан, икки кунлик тўқнашувларда деярли 200 одам нобуд бўлган.

Икки инсон ҳақлари гуруҳи сешанба кунининг ўзида юз берган талафотларни 84та дея эълон қилган. Аксар талафот Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида юз берган.

Ҳомс шаҳрида бомбардимон оқибатида танаси иккига бўлиниб кетган ёш бола акс этган видео қалқиб чиққан.

Бу қон тўкилишлар тинчлик ташаббусининг амалга оширилишини кузатиш учун келиши кутилаётган Араб Лигаси мониторлари ташрифидан бир кун аввал юз бераётир.

Шу ҳафта БМТ Сурия бўйлаб Президент Башар ал Ассадга қарши намойишлар март ойида бошланганидан бери 5000дан кўпроқ одам ҳалок бўлганини билдирди.

Дамашқ мамлакатни беқарорлаштиришга уринаётган "қуролли террорчи бандалар"га қарши курашаётганини айтади.

Фаолларга кўра, душанба куни Сурия бўйлаб давом этган жангларда 110 одам нобуд бўлган бўлиши мумкин - улардан 60-70 нафари Идлиб вилоятидаги Кафр Уид қишлоғи яқинида автоматлар билан отиб ўлдирилган собиқ аскарлардир.

Шунингдек, Ҳомс, Забадани, Жебеҳ, Ҳама, Дараа ва Алеппо шаҳарларида ҳам инсонлар ҳалок бўлган.

Мазкур даъволарни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ, чунки хорижий матбуотнинг Сурияга кириши тақиқланган.

Айни дамда Суриянинг расмий Сана хабар агентлиги мамлакат ҳаво ва денгиз кучлари "ватанга қарши ҳар қандай тажовуз"га қарши тайёргарлигини намойиш қилиш учун ҳарбий машқларни ўтказганларини хабар қилди.

Сурия мухолифатига кўра, армия расмий Дамашқ Араб Лигаси кузатувчилари келишидан аввал Идлибдаги ҳарбий амалиётларини янада кучайтирган.

Лига расмийлари кузатувчиларнинг биринчи гуруҳи Сурияга пайшанба куни сафар қилишларини билдирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.