Франция парламенти армани қирғинини рад қилишни жиноят деб атади

Франция парламенти Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ушбу қонун Франциянинг Туркия билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин

Франция парламенти Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонийлар Туркияси томонидан арманилар қирғин қилинганлигини рад қилиш жиноят эканлиги ва бунинг учун жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Қонун лойиҳасига биноан, Францияда арманилар ўлдирилгани қатлиом эканини омма олдида рад қилган инсонга бир йилгача қамоқ жазоси ёки 45 минг еврогача жарима белгиланади.

Арманиларга кўра, 1915 йилда Усмонийлар Туркиясида бир ярим миллионга яқин армани қатл қилинган.

Туркия бу воқеадан сўнг ўз элчисини зудлик билан Франциядан чақиртириб олган.

Анқара нуқтаи назарига кўра, қарийб 100 йил олдин тахминан 300 мингга яқин армани ҳалок бўлган.

Шунингдек, Усмонийлар империясига қарши арманилар қўзғолон кўтарганидан сўнг Шарқий Анталияга рус армиясининг бостириб кириши натижасида кўплаб турклар ҳам ҳалок бўлишган.

Жаҳондаги 20 га яқин давлат, жумладан, Франция ҳам 1915 йилги ҳодисаларни арманилар қатлиоми деб расман тан олган.

Франция депутатларининг бу қадами Туркия давлатининг қаттиқ ғазабига учраши табиий эди.

Туркия жазо чоралари билан пўписа қилган

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғанга кўра, армани қатлиоми масаласининг парламент муҳокамасига қўйишдан кўзланган мақсад, Франция президенти Николя Саркозининг кейинги йил бўлиб ўтадиган сайловда рейтингини ошириш бўлган.

Лекин бу каби ҳаракатлар "Туркия - Франция муносабатларига жиддий путур етқазади",- деган жаноб Эрдўған.

Туркиянинг қудратдаги ва мухолиф партиялари қонун лойиҳасига қарши қўшма мурожаат билан чиқишган.

Уларга кўра, "қонун лойиҳаси турк тарихини сохталаштиради"

Анқарадаги Франция элчихонаси қаршисида ҳам намойиш бўлиб ўтган.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли " Франция улкан ва қадимий дўстлик ва француз қадриятларини сиёсий ва сайловолди фойдалари учун қурбон қилмаслиги"га умид билдирган.

Францияда ярим миллионга яқин армани яшайди.

Уларнинг келгуси йили бўладиган президент сайловларида берадиган овози муҳим ўрин тутиши мумкин, дейди Би-би-си мухбири Хю Скофилд.

Шу билан биргаликда, қонун лойиҳаси ҳақида бир хил муносабат ҳали мавжуд эмас.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Ален Жюппе бу қонун лойиҳаси Туркия билан муҳим шерикчилик алоқаларига путур етказиши мумкинлигидан хавотирини билдирган.

Бир қанча француз тарихчилари ҳам қонун лойиҳасини тарих воқеаларига ҳуқуқий аралашишга уриниш сифатида салбий баҳолаганлар.