BBC navigation

Чегара Билмас Мухбирлар: 2011 йилда дунёда 66 журналист ўлдирилди

Сўнгги янгиланиш 22 декабр 2011 - 10:18 GMT
Чегара Билмас Мухбирлар

Чегара Билмас Мухбирларга кўра, Покистон журналистлар учун энг хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотининг маълум қилишича, 2011 йилда дунё бўйлаб 66 журналист ҳалок этилган.

Қурбон бўлган журналистларнинг аксари араб инқилоблари, Мексикадаги қуролли жиноий гуруҳлар ёда Покистондаги сиёсий вазиятни ёритаётган бўлган.

Ўн нафар журналист ҳалок бўлган Покистон икки йилдан буён журналистлар учун дунёнинг энг хавфли мамлакати бўлиб қолмоқда.

"Араб баҳори" номини олган халқ ғалаёнларини араб ҳукуматлари куч билан бостиришга уринар экан, Яқин Шарқда ўлдирилган журналистлар сони, ўтган йилга нисбатан икки бараварга кўпайиб, 20 нафарни ташкил этган.

Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти чиқарган баёнотда таъкидланишича, Лотин Америкасида ҳам қуролли гуруҳлар дастидан 20 журналист ҳалок бўлган.

Бу йил 1044 журналист ҳибсга олинган. Бу 2010 йилга нисбатан икки баравар кўпдир. Ҳибсга олинган журналистлар сонининг кўпайишига "араб баҳори", шунингдек, Юнонистон, Беларус, Уганда, Чили ва Қўшма Штатларда юз берган кўча намойишлари сабаб бўлгани таъкидланади.

"Қоҳирадаги Таҳрир Майдонидан Покистон жануби-ғарбидаги Хуздаргача, Могадишудан Филипин шаҳарларигача журналист сифатида ишлаш хавфи сиёсий беқарорликлар пайтида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ 2011 йилда намоён бўлди," дейилади Чегара Билмас Мухбирлар баёнотида.

"Хитой, Эрон ва Эритрея матбуот учун энг йирик қамоқхоналари бўлиб қолмоқда," - дея таъкидланади баёнотда.

Аммо мазкур мамлакатларда қанча журналист қамоққа ташлангани баёнотда аниқ кўрсатилмаган.

Чегара Билмас Мухбирлар назарида журналистлар учун дунёнинг энг хавфли жойлари сирасига Фил Суяги Қирғоғининг тижорий маркази Абиджан ва Қоҳирадаги Таҳрир Майдони киритилган.

Шунингдек, мазкур рўйхатда "араб баҳори" марказлари - Суриянинг Дераа, Ҳомс ва Дамашқ шаҳарлари, Яман пойтахти Санаа ва Ливиянинг Мисрата шаҳри ҳам бор.

Ўтган йил дунё бўйлаб 57 журналист ўз фаолияти учун ўлдирилган эди.

2007 йил охирги 10 йил ичида журналистлар учун энг ёмон йил бўлди.

Ироқ ишғол этилган мазкур йилда 87 журналист ҳалок этилди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.