Сурия қирғини : Мухолифат БМТ хавфсизлик кенгашини жиддий ҳаракат қилишга чақирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сурияда фақат шу ҳафтанинг ўзида қариийб 250 киши ўлдирилган

Суриянинг бош мухолиф коалицияси зудлик билан БМТ хавфсизлик кенгаши мажлисини чақириш ва Араб Лигаси аъзоларини мамлакат шимоли-ғарбида кучайган қуролли қаршиликни муҳокама қилишга чақирган.

Қароргоҳи Туркияда жойлашган , мамлакатнинг мухолиф ўтиш ҳукумати Сурияда фақат шу ҳафтанинг ўзида қариийб 250 киши ўлдирилганини эълон қилган.

Инсон ҳуқуқлари аъзолари Сурия ҳукуматини Идлиб вилоятида оммавий қирғин қилганликда айбламоқда.

Пайшанба куни Араб лигаси кузатувчилари Сурияга етиб келиши кутилмоқда.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Суриядаги инқирознинг тобора кучаяётганлиги ва қурбонларнинг ортиб бораётганидан ташвишдалигини билдирган.

Жаноб Пан Ги Мун Сурия ҳукуматини Араб лигаси қабул қилган режа бўйича иш юритишга чақирган.

Хавфсизлик зонасини барпо қилиш

Туркия билан чегарадош Жабал ал-Завияда зўравонликларнинг янги тўлқини пайдо бўлган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия кузатув кенгашининг ҳисобига кўра, сешанба куни Кансафра қишлоғида полиция ва ҳарбийлар камида 110 кишини ўлдиришган.

Уларнинг аксари қочқин аскарлар бўлгани айтилмоқда.

Бир кун олдин яна 70га яқин аскарлар ҳарбий базадан қочишга урингани учун отиб ташланган.

Кузатув кенгашининг таъкидлашича, чоршанба куни Дереа вилоятида юз берган қуролли тўқнашувда 22 киши ҳалок бўлган.

Улардан олтитаси қочқин аскарлар ва яна олтитаси ҳарбий хизматчи эканлиги айтилган.

Сурияда журналистларнинг ишлаши мураккаблашгани боис, келаётган маълумотларни текширишнинг иложиси йўқ.

Сурия миллий кенгаши БМТ хавфсизлик кенгашини Сурия армияси ҳаракат қиладиган ҳудудларда назорат ўрнатишга чақирган.

Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Франция бу таклифни ёқлаган.

"Сешанба куни Сурияда мисли кўрилмаган қирғин уюштирилган ,- деган Франция Ташқи ишлар вазирлиги вакили Бернард Валеро.

- БМТ Хавфсизлик кенгаши куч ишлатишни зудлик билан тўхтатишга чақириш бўйича қарор қабул қилиши керак.Сурия ҳукумати кучларига қарши жангларда асосан қочқин аскарлардан ташкил топган отрядлар қатнашмоқда.

Идлиб вилоятидан келаётган хабарларга қараганда, ҳукумат кучларига қўшимча кучлар ёрдамга келиб қўшилмоқда, жанглар давом этмоқда.

Ҳодисаларни қўшни Ливандан туриб кузатаётган Би-би-си мухбири Жим Муир " қирғиннинг тўхтамаётгани Араб лигаси кузатувчиларининг келиши билан тўғридан-тўғри боғлиқ", деб айтган.

Сурия ҳукумати шу йўл билан "тугатилмаган ишлари"ни тугатиб, қочқин аскарлар ва шу ерда ҳозир бўлиб турган тинч фуқаролар билан муносабатларини ниҳоясига етказмоқчи.

Расмий Дамашқнинг даъво қилишича , мамлакатдаги вазиятни издан чиқармоқчи бўлаётган қуролланган террористик гуруҳлар билан жанг олиб борилмоқда.

Чоршанба куни Эрон расмийларининг айтишича, беш эронлик ишчи ўзлари ишлаётган Хомс шаҳридаги электрстанциядан ўғирлаб кетилган.

Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси фуқароларини зудлик билан озод қилишга чақирган.

Суриянинг Сана ахборот агентлиги саккиз чет эллик инженерларнинг электрстанцияга автобусда келаётган жойидан йўқолганини билдирган.

БМТ ҳисоботига кўра, Сурияда шу йилнинг март ойидан буён ҳукуматга қарши давом этаётган намойишларда қариийб 5000 инсон ўлдирилган.

Араб режаси

Сурия ҳукумати Араб лигаси кузатувчиларига мамлакатга кириш учун рухсат берганлиги хабари душанба куни тарқалди.

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллимга кўра, Сурия мустақиллигига дахл қилинмайди.

Дастлабки келишувга киритилган ўзгартиришларга биноан, зўравонликларни тугатиш, қўшинни олиб чиқиш ва қамоқдагиларни озод қилиш ҳақида гапирилган эди.

Кузатувчилар мамлакатда эркин ҳаракат қилишади ва Сурия ҳукумати ҳимоясида бўлишади.

Лекин махфий ҳарбий объектларга киришга рухсат берилмайди.

Кузатувчилар бир ой муддат билан Сурияда бўлишлари , томонлар келишувига кўра бу муддат яна бир ойга узайтирилиши мумкин.

Сурия миллий кенгаши бошлиғи ҳукуматнинг бу қарорини ноқулай деб атаган.

Агар ҳукумат ўз кучларини олиб чиқадиган бўлса, кўп вилоятларда назоратни дарҳол қўлдан бой бериши мумкин.