BBC navigation

Ироқ вице-президенти қонли ҳужумларда бош вазирни айбламоқда

Сўнгги янгиланиш 23 декабр 2011 - 15:49 GMT

Ҳужумлар асосан шиалар яшовчи мавзеларни нишонга олди

Ироқ Вице-Президенти Тариқ ал-Ҳошимий мамлакатда тўсатдан зўравонликларнинг авж олишида Бош Вазир Нури ал-Маликийни айблаган.

Пайшанба куни Бағдодни титратган қатор портлашларда ўнлаб одамлар нобуд бўлди.

Террорчилик айбларига юз тутаётган Жаноб Ҳошимий жаноб Маликий "ватанпарвар сиёсатчиларни қувиб солган"дан кўра хавфсизликка диққат қаратиши кераклигини айтди.

Мазкур инқироз Ироқда мазҳабий зиддиятларнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши борасида хавотирларни уйғотган.

Бош Вазир Маликий Ироқда аксариятни ташкил қилувчи шиа араблар жамоасига мансуб, жаноб Ҳошимий эса энг таниқли сунний сиёсатчилардан.

Жаноб Ҳошимий расмийлар ва хавфсизлик кучларига қарши террор ҳужумларини уюштиришда айбланади, бироқ унинг ўзи бу айбларни рад этган. Мазкур айбловларга жавобан, Ироқдаги энг асосий сунний сиёсий блок ал-Ирақия парламент ва вазирлар маҳкамасини бойкот қилмоқда. Бу эса атиги бир ёшга тўлган ҳукуматнинг келажагини шубҳа остига қўйган.

"Биз жаноб Маликийни айблашимиз керак, у миллий инқирозни бошлади ва буни энди бошқариш осон эмас", деди жаноб Ҳошимий Би-би-сининг араб хизматига.

"Ироқликларнинг хавотир олишга ҳаққи бор", дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ жаноб Ҳошимий бош вазирнинг бошқарувини собиқ раҳбар Саддам Ҳусайнникига қиёслаган. АҚШнинг Foreign Policy журнали билан суҳбатда у "жаноб Маликий мамлакатни жуда ҳам ёмон ва қаттиққўл йўлда бошқаришга бел боғлаган", деб айтган.

Пайшанба кунги ҳужумлар охирги бир неча ой ичида Ироқнинг бошига тушган энг йирик фалокат бўлди. Ҳужумлар АҚШ қўшинлари тўққиз йиллик ишғолдан сўнг чиқиб кетишларидан бир неча кун ўтиб юз берди.

Бағдоднинг асосан шиалар яшовчи 16та турли нуқтасида йўлчети бомбалари портлар экан, камида 68 одам ҳалок бўлган ва 200га яқини жароҳатланган

Расмийлар нишонлар орасида мактаблар ва болалар боғчалари ҳам бўлганини билдиришди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.