Судан армияси Дарфурдаги асосий исёнчи гуруҳнинг раҳбарини ўлдирди

Халил Иброҳим Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Халил Иброҳимнинг кўплаб тарафдорлари Ливиядаги жангларда ҳалок бўлгани хабар қилинади

Судан ҳарбийларининг айтишича, Дарфурдаги асосий исёнчи гуруҳнинг раҳбари армия томонидан ўлдирилган.

Хабарга кўра, Халил Иброҳим Шимолий Кордофаннинг Вад Банда минтақасида юз берган жангда ҳалок бўлган.

Бироқ мазкур хабарни ҳозирга қадар мустақил манбалар тасдиқламади.

Халил Иброҳим жангзада Дарфурда Адолат ва Баробарлик Ҳаракатининг раҳбари сифатида танилган.

У шу йил Ливиядан муҳожирликдан қайтган эди.

Судан армиясининг сўзчиси Саварми Халид Саъд Би-би-си Араб хизматига жаноб Иброҳимнинг эрталаб ҳалок бўлганини айтди.

Унинг илова қилишича, жаноб Халил Иброҳим ва исёнчиларнинг бошқа раҳбарлари Судандан июл ойида ажралиб чиққан Жанубий Судан ҳудудига ўтишга ҳаракат қилганлар.

Расмий Хартум Халил Иброҳимни Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаддофий тарафида жанг қилишда айблади.

Полковник Қаддофийнинг ҳокимиятдан ағдарилиши исёнчилар учун кучли зарба бўлди.

Таҳлилчиларга кўра, Муаммар Қаддофий уларга бошпана берган ҳамда молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатган.

Исёнчилар Судан ҳукумати билан 2010 йил февралида оташкесим имзолаган, бироқ кўп ўтмай Хартум кучларини Дарфурга янги рейдларни уюштиришда айблаб, тинчлик музокараларидан чиқиб кетган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, 2003 йилдан буён Дарфурдаги жангларда 300 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ