Хитой Афғонистон нефт конларини ўзлаштириш имкониятини қўлга киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ички талаб ўсган сайин Хитой ўз нефт заҳираларини кенгайтириш илинжида

Хитой Афғонистондаги нефт конларини ўзлаштириш ва қазиш бўйича келишувга эришиш билан миллионлаб баррел нефт ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган.

Афғонистон ҳукумат қўмитаси Хитой Миллий нефтегаз корпорацияси Амударё нефт заҳираларини ўзлаштириш бўйича битимни маъқуллаган. Бу эса, Афғонистоннинг яқин тарихидаги энг йирик халқаро шартнома экани айтилмоқда.

Ҳисоб-китобларга биноан Амударё қўлтиғида 87 миллион баррел нефт мавжуд.

Келишув Хитой мамлакат ичкарисида талаб ортиши ортидан ўз нефт заҳираларини кенгайтириш йўлларини излаётган бир пайтда маъқулланди.

"Афғонистон ҳукумат қўмитаси Кон ва саноат вазири Воҳидиллоҳ Шаҳронийга Хитой Миллий нефтегаз корпорацияси билан Амударё нефтини тақиқ қилиш бўйича келишувни имзолашга буйруқ берди", дейилади Афғонистон Президенти девони баёнотида. Афғонистон Кон ва саноат вазирлигининг билдиришича, янги шартнома келаси чоршанба куни имзоланади. Янги битимнинг Афғонистон учун ниҳоятда фойдали бўлиши айтилмоқда. 'Фойда олишга ҳали гап кўп'

Давлат назоратидаги Хитой Миллий нефтегаз корпорацияси нефт конларини ўзлаштириш ва қазиш ишларини маҳаллий ҳамкори Ватан Гуруҳи билан бирга олиб боради. Афғонистоннинг табиий заҳаралари юзасидан кўплаб баҳсу мунозаралар олиб борилган ва таҳлилчилар бу ишнинг қанчалар фойда келтириши борасида гапиришга ҳали жуда эрта эканини айтадилар.

Сингапурда жойлашган Три-Зен маслаҳат гуруҳидан Тоний Реганнинг Би-би-сига айтишича, Хитой Миллий нефтегаз корпорацияси у ерда қанча ҳажмдаги заҳира бўлишини аниқлагунча ҳам йирик миқдорда маблағ сарфлаши керак бўлади.

"Ер остида нима борлиги юзасидан тасаввур ҳосил қилгунча ва тижорий маҳсулот ишлаб чиқариш бошлангунча ҳам 5-10 йилча вақт керак бўлади", дейди у.

Сармоялар ҳажми ўсади

Нефт конлари бўйича келишув табиий заҳираларга бой Афғонистонга сармоя ётқизиш илинжида бўлган Хитой учун катта ютуқ.

Аммо, шарҳловчилар табиий заҳиралар Хитой сармоя киритмоқчи бўлган ягона соҳа эмас.

"Мазкур келишув остонадан ҳатлаш учун йўл очади", дейди Хитой Билим маслаҳат гуруҳидан Charles Chaw.

Афғонистондаги давомий уруш мамалакат инфратузилмаси ва иқтисодий зиён етказган.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, мамлакатга барқарорлик қайтиши билан иқтисодни тиклаш учун жуда кўп қайта қуриш ишлари олиб борилиши керак. Хитой айни мана шу ишларга ҳам бош қўшишни истайди.

"Хитой анчайин катта кўламдаги сармоялар киритишни кўзламоқда", дейди жаноб Chaw.

"Бу инфратузилма бўйича, жумладан, тезюрар темир йўл қуришга оид лойиҳаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин", дея қўшимча қилади у.