Путин: 'Сайловлар натижалари қайта кўриб чиқилмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Путин жаноблари президентлик сайлови 'мутлақо шаффоф' бўлишига ваъда берди

Россия Бош вазири Владимир Путин парламент сайлови натижаларини қайтадан кўриб чиқиш имконсиз эканини айтган.

Владимир Путиннинг айтишича, Давлат Думаси аллақачон ўз ишини бошлаган ва сайловларни қайта кўриб чиқиш ҳақида гапиришдан фойда йўқ.

Россиянинг кўплаб шаҳарларида шу ой бўлиб ўтган намойишларда минглаб фаоллар парламент сайловини қайта ўтказишни талаб қилган эдилар.

Шу ҳафта Президент Медведев мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган, куни кеча Россияда сиёсий партияларни рўйхатга олишни осонлаштириш мақсадини кўзлаган ҳужжат эълон қилинганди.

Бироқ, намойишчиларнинг айтишларича, ҳукуматнинг бу қилаётган ишлари етарли эмас.

"Думага сайловлар ниҳоясига етди. Барча парламент фракциялари иш бошлашди, парламент спикери сайланди. Сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас", - деди Россия Бош вазири.

Владимир Путин норозиларга маҳкамага мурожаат қилишни маслаҳат берди.

"Қандайдир қоидабузарликлар юз берган бўлса, маҳкама қайта кўриб чиқиши ва ҳукм чиқариши керак", - деди келгуси йил март ойида бўлиб ўтажак президент сайловидан кейин Кремлга қайтишни мўлжаллаётган Владимир Путин.

Шу билан бирга Путин жаноблари президентлик сайлови "мутлақо шаффоф" бўлишига ваъда берди.

"Номзодлардан бири сифатида мен ҳийла бўлишини истамайман. Менга одамларнинг ишонишини истайман. Акс ҳолда, ишлашдан маъно йўқ", - деб илова қилди Владимир Путин.

Давлат Думасига сайловлар натижаларини бекор қилиш шу ой Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида ўтказилган намойишларда мухолифат илгари сурган талаблардан бири эди.

Бироқ, Россия бош вазири Россия мухолифатини аниқ мақсадга эга бўлмаганликда айблади. "Уларда ягона дастур, ўз мақсадларига эришишнинг аниқ йўли ё бўлмаса аниқ бир нарсага эриша оладиган одамлари йўқ," - деди Владимир Путин Россия давлат телевидениеси орқали намойиш этилган кўрсатувда.

Аммо, кузатувчилар фикрига кўра, Владимир Путин ўнгида турган энг мураккаб вазифа эндиликда президент сайловининг биринчи даврасидаёқ ғалаба қилиш ва унинг қонунийлигини кафолатлаш бўлади.

Президент сайлови ҳам парламент сайловлари сингари танқидларга учраши мумкин.

Хўш, Владимир Путин қандай йўлни танлайди?

Кремл вақтдан фойдаланиб вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиши мумкин, дейишади таҳлилчилар.

Президент Медведев аллақачон сайловдаги қаллобликлар юзасидан текширувлар ўтказишга чақирди.

Бироқ у сайловлар қай тарзда ва ким томонидан ўтказилиши борасида аниқ маълумот бергани йўқ.

Дмитрий Медведев бу амали билан намойишларни тўхтатиб қололмаслиги ҳам мумкин.

Аммо жаноб Путин мухолифат ичидаги келишмовчиликлар унинг фойдасига иш беришига умид қилаётган бўлса ажабмас.

Владимир Путинг ўзини "Ягона Россия" партиясидан узоқлаштириши мумкин.

Кузатувчиларга кўра, бош вазир тузган партия бугунда мухолифат томонидан "муттаҳамлар ва ўғрилар партияси" номини олган.