Араб Лигаси кузатувчилари Сурияда текширувлар бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Танклар Ҳомсни тарк этаётгани хабар қилинади

Араб Лигасининг 50 нафардан иборат кузатувчилар гуруҳи Сурияда бир неча ойдан бери давом этиб келаётган зўравонликларга барҳам беришга қаратилган минтақавий режа қанчалар амалга тадбиқ қилаётганини текширишни бошлаган.

Ҳайъат раҳбари нотинч Ҳомс шаҳрига йўл олгани хабар қилинади. Сурия фаолларига кўра, хавфсизлик кучлари душанба куни 30 инсон ўлдиришган.

Уларнинг айтишларича, сешанба куни Ҳомсдан танклар олиб чиқиб кетила бошланган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, аксилҳукумат намойишларни бостириш жараёнида 5, 000дан ортиқ инсон ҳалок этилган.

Президент Башар ал Асадга қарши қўзғолонлар март ойидан бошланган эди. Бунга араб дунёсида кузатилган норозилик намойишлари туртки берганди. Сурия ҳукумати қуролланган тўдаларга қарши жанг қилаётгани ва бу жараёнда юзлаб аскарлари ҳам нобуд бўлганини айтади.

Талофатларга оид рақамларни тасдиқлаш мушкул, чунки аксар хорижий матбуот ходимларининг Сурияда фаолият олиб боришлари тақиқланган.

'Танклар Ҳомсни тарк этмоқда'

Суриялик фаоллар душанба кунги зўравонликлардан сўнг зирҳли машиналар Ҳомснинг Бобо Амр туманидан олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида хабар беришган.

Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш марказининг матбуотга айтишича, сешанбда куни тонгда туманни 11та танк тарк этган.

Ассошиэйтед Пресс ва Рейтерс ахборот агентликларининг маҳаллий фаоллардан бири Муҳаммад Солиҳга иқтибосан хабар қилишича, у тумандан 6та танк чиқиб кетаётганини кўрган.

Бобо Амр ва Ҳомснинг бошқа қисмлари душанба куни оғир қуроллардан нишонга олинган. Маҳаллий аҳолига кўра, кўплаб бинолар вайрон этилган ва ҳукумат кучлари омон қолганларни қидириш ишларини қарийб имконсиз қолдиришган.

Бобо Амрга қарши қақшатқич ҳарбий амалиётларни тасвирланган график видео интернетда қўйилган. Унда 4 эркакнинг қонга беланган жасадлари бир аёлнинг халқаро ҳамжамиятдан кўмак сўраб додлаётгани акс этган.

Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш марказининг айтишича, душанба куни Бобо Амрда 18 киши, Ҳомснинг бошқа қисмларида 11 инсон ўлдирилган.