BBC navigation

Чавес АҚШни Лотин Америка раҳбарларига саратон юқтиришда гумон қилди

Сўнгги янгиланиш 29 декабр 2011 - 11:28 GMT

Жаноб Чавес ва Фернандес хоним яқин иттифоқчилар

Венесуэла Президенти Уго Чавес АҚШ Лотин Америкаси раҳбарларини саратон билан оғритувчи махфий технологияни ишлаб чиқаргани борасида савол берган.

Жорий йилда саратон билан оғриб муолажа олган жаноб Чавес Аргентина президентига ҳам саратон ташхиси қўйилгани борасида хабар тарқаганидан бир кун ўтиб гапирган.

Парагвай Президенти Фернандо Луго, Бразилия Президенти Дилма Руссеф ва Бразилиянинг собиқ президенти Лула ҳам саратон билан оғришган.

Жаноб Чавес "бу жуда ғалати" деди, лекин "қўпол айбловлар"ни илгари сурмаётгани, балки атиги овозини чиқариб фикр юритаётганини айтди.

Лекин, у Лотин Америка раҳбарлари орасидаги саратон ҳолларини "эҳтимоллар назарияси билан изоҳлаш қийин"лигига ишора қилди.

"Агар улар (АҚШ) саратон юқтирадиган технологияни ишлаб чиқарган бўлса ва бу ҳақида ҳеч ким билмаса, бу қанчалар ғайриоддий бўлган бўларди?" деди Венесуэла президенти телевидение орқали намойиш қилинган ҳарбийлар билан учрашувида.

Навбат кимга?

Бразилия Президенти Дилма Руссеф саратонни енгган, Лула эса ҳали ҳам даволанмоқда

Жаноб Чавес АҚШ ҳукумати олимлари 1940-йилларда гуатемалалик маҳбусларга атайлаб сифилис ва бошқа касалликларни юқтиргани, лекин бу фақат ўтган йил ошкор бўлганини айтди.

У, шунингдек, энди Боливия ва Эквадор президентлари Эво Моралес ва Рафаэл Корреа саратон билан оғримагунча, улардан сал эҳтиёт бўлишини айтиб ҳазиллашган.

Эллик етти ёшли Венесуэла президенти бир неча бор АҚШни ўзига қарши давлат тўнтаришини уюштириш ва ҳатто уни ўлдиришга уринишда айблаган.

У йил бошида Кубада жарроҳлик амали ва кимёвий терапияни бошидан кечирганидан сўнг ҳозирга келиб саратондан қутулганини билдирди.

Уга Чавес касаллигининг тафсилотлари ошкор қилинмаган ва бу аслида унинг аҳволи янада ёмонроқ бўлиши мумкинлиги борасидаги мишмишларга сабаб бўлган.

Аргентина Президенти Кристина Фернандес де Кирчнер сешанба куни қалқонсимон без саратонига учрагани борасида хабар қилиниши ортидан жаноб Чавес унга ўз дастагини изҳор қилган илк Лотин Америка раҳбари бўлди.

"Биз яшаймиз ва ғалаба қозонамиз!" деди у Фернандес хонимга.

Эллик саккиз ёшли Фернандес хоним 4 январда жарроҳлик амалиётини бошидан кечиради, бироқ шифокорлар натижаси ижобий бўлишини башорат қилишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.