Ким Чен Ун Шимолий Кореянинг янги доҳийси деб эълон қилинди

Пхеняндаги марказий майдон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Пхенян марказий майдонига бир миллиондан кўпроқ одам жам бўлганди

Шимолий Кореянинг марҳум лидери Ким Чен Ирнинг кичик ўғли Ким Чен Ун мамлакатнинг янги олий раҳбари деб расман эълон қилинди.

28 ёшли Ким Чен Ун Пхеняндаги марказий майдонда Ким Чен Ир хотирасига бўлиб ўтган мотам йиғинига раҳбарлик қилди.

Шимолий Кореянинг иккинчи раҳбари сифатида кўрилган Ким Ёнг Нам марказий майдонга йиғилган бир миллион аҳолига уларнинг ғам-андуҳи "ўртоқ Ким Чен Ун раҳбарлиги остида минг карра катта" кучга айланишини айтди.

Шимолий Корея давлат телевидениеси атрофида ҳукумат ва армиянинг энг қудратли шахслари турган Ким Чен Унни намойиш этди.

"Мотам маросими Ким сулоласида норасмий қудрат алмашинуви эди," - дейди қўшни Жанубий Кореяда бўлган Би-би-си мухбири Люси Виллиамсон.

Маросимда Ким Чен Ир хотирасига уч дақиқалик сукут сақланди ва ортидан мамлакат бўйлаб барча поезд ва кемалар сиреналари чалинди.

Шимолий Корея давлат матбуотига кўра, Ким Чен Ир 17-декабр куни 69 ёшида юрак хуружидан вафот этди.

У Шимолий Кореяни отаси Ким Ир Сен вафоти ортидан 1994 йилдан буён идора этиб келаётган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ