Жириновскийнинг даромади Путин ва Зюгановникини ортда қолдирибди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Владимир Жириновскийнинг нафақат ўзи, балки рафиқасининг ҳам энг кўп даромад қилгани аён бўлибди

Ўтган тўрт йил ичида 22 миллион рублдан ортиқроқ (тахминан 700.000 АҚШ доллари) пул ишлаган ЛДПР партияси раҳбари Владимир Жириновский қилган даромади бўйича Россия президентлигига номзодлар барчасидан ўзиб кетибди.

Владимир Жириновский ва Россия Коммунистик партияси лидери Геннадий Зюгановларнинг даромадларига оид маълумотлар эса, “Российская газета”нинг жума кунги сонида чоп этилган.

Геннадий Зюгановнинг шунча вақт бадалида ишлаб топган пули эса, саккиз миллион рублга ҳам етмабди.

Рафиқаси Надежда Зюганованики бундан ҳам камроқ, бор-йўғи 350 минг рубль атрофида экан.

Владимир Жириновскийнинг Вирусология Илмий тадқиқот институтида ишловчи турмуш ўртоғи Галина Лебедеванинг даромади эса, ҳатто, эриникидан ҳам икки баробар кўпроқ, яъни қарийб 46 миллион рубль экани маълум бўлибди.

Жаноб Жириновский шунча пулни партия раҳбари, Давлат думаси федерал кенгашидаги вазифаси, қатор университетлардаги домлалик фаолияти, нафақаси, ҳиссалари ва қимматбаҳо қоғозларидан олган фоизлари, кўчмас мулкини сотиш, лотореядан ютган ютуғи ва ижодий фаолияти орқасидан топган экан.

10 та ер участкаси, 8 та дала ҳовлиси, Москва вилоятида учта ҳовлиси ва пойтахтда яна шунча сондаги квартираси, “Мерседес” русумидаги машинаси бўлган рафиқаси эса, бир неча корхонанинг ҳиссаларига ҳам эгалик қиларкан.

Владимир Путинники қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Владимир Путин эса, ўтган тўрт йил бадалида қарийб 20 миллион рубл ишлаганини кўрсатибди

Ўтган ҳафта президентликка асосий номзод сифатида кўрилувчи Россия Бош вазири Владимир Путиннинг даромадларига оид маълумотлар ҳам эълон қилинганди.

Аён бўлишича, жаноб Путин ўтган тўрт йил бадалида 17.7 миллион рубль ишлаган экан.

Рафиқасининг даромади эса, бор-йўғи 147.6 минг рублни ташкил этибди.

Лекин унинг банк ҳисобида сақланаётган маблағнинг миқдори 8 миллион рублдан ортиқроқ экан.

Жаноб Путиннинг даромадини Бош вазирликдан олаётган маоши, ҳарбий нафақаси, банкдаги пули ва ҳиссаларидан олаётган фойдаси ташкил этаркан.

Яна Россия Бош вазирининг Москва вилоятида ер участкаси, Санкт-Петербургда кватираси ва гаражи борлиги ҳам маълум бўлибди.

Бундан ташқари, жаноб Путин “Банк Санкт-Петербург”нинг ҳиссадорларидан бири ҳам саналаркан.

“Адолатли Россия” партияси лидери Сергей Мироновнинг шунча вақт бадалида қилган даромади эса, 10 миллион рубль атрофида экан.

Уч миллион рублдан ортиқроқ пул топган рафиқаси эса, Audi русумидаги автомобиль билан бирга Санкт-Петербургда икки квартирага ҳам эгалик қиларкан.

Бу мавзуда батафсилроқ