Ғазо бош вазири Ҳания Туркияда 'Мовий Мармара' кемасини зиёрат қилди

Исмоил Ҳания "Мовий Мармара" кемасида
Image caption Исмоил Ҳания Фаластин халқини қўллаб-қувватлаётгани учун Туркия халқига миннатдорлик билдириш учун келганини айтган.

Ҳамас ҳаракати назоратидаги Ғазо бўлгасининг Бош вазири Исмоил Ҳания Туркияга сафари доирасида 2010 йил майида кўмак олиб бораётиб Исроил қўшинлари томонидан рейд уюштирилган "Озодлик флотилияси" таркибидаги "Мовий Мармара" кемасида бўлди.

Ғазо соҳилига яқинлашиб қолган пайтида "Озодлик флотилияси"нинг бўлгага киришига тўсқинлик қилган Исроил ҳарбийлари билан тўқнашувда "Мовий Мармара" кемасида фаоллардан тўққиз нафари ҳалок бўлган эди.

Ғазо Бош вазири Исмоил Ҳания кема бортига чиқиб, ҳалок бўлган инсонлар ҳаққига дуо қилган.

Жаноб Ҳаниянинг Туркияга сафари Ҳамас ҳаракати 2007 йилда Ғазо устидан ҳокимиятни қўлга киритганидан кейинги илк хорижий сафари бўлган.

1 январ куни Исмоил Ҳания Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашган.

"Озодлик флотилияси"га ҳужумдан кейин Туркия билан Исроил ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган.

Исроил рейд учун расман кечирим сўрашдан бош тортган, ҳарбийлар ўзларини кемадаги фаоллар ҳужумидан муҳофаза қилганини айтиб келади.

Туркия бундан кейин Ғазога йўл олган инсонпарварлик юклари ортилган кемаларни кузатиб бориш ва Туркия таъбирича, "Исроилнинг Ўрта Ер денгизи шарқий соҳилларидаги табиий бойликлардан бир тарафлама фойдаланиш ҳаракатлари" олдини олишга ваъда берган.

Исмоил Ҳания Туркияга Фаластин халқини қўллаб-қувватлаётгани учун Туркия халқига миннатдорлик билдириш учун келганини айтган.

Ғазо бош вазирининг айтишича, яқинда Исроил билан Ҳамас ўртасида маҳбусларни алмашиш жараёнида Туркия "буюк рол" ўйнаган.

Фаластин халқи "Мовий Мармара" кемасига рейд пайти ҳалок бўлган "озодлик шаҳидлари" руҳи олдида қарздор, деб айтган Исмоил Ҳания.

"Ва биз шуни айтмоқчимизки, сизнинг қонингиз - бизнинг қонимиз, сизнинг шаҳидларингиз - бизнинг шаҳидларимиз", деб айтган кемада туриб гапирган Ғазо бош вазири.

Туркия доим Яқин Шарқ муаммосини ҳал этишда Ҳамас манфаатлари инобатга олиниши лозимлигини, бироқ Ҳамас ҳам ўз сиёсий курашида зўравонликдан воз кечиши зарурлигини таъкидлаб келади.