Эрон узоқ масофага мўлжалланган ракеталарини синовдан ўтказганини эълон қилди

1 январ кунидаги ўрта масофага мўлжалланган ракета синови Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 1 январ куни Эрон ўрта масофага мўлжалланган ракета синовини ўтказганини эълон қилган.

Эрон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Форс кўрфазида ўтказилаётган ҳарбий-ўқув машқлари доирасида Эроннинг ўзида ишлаб чиқарилган узоқ масофага мўлжалланган қанотли ракета муваффақиятли синовдан ўтказилган.

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Маҳмуд Мусавийнинг айтишича, қуруқликдан туриб денгиздаги кемаларга қарата отиладиган "Қадр" ракетаси "ўз нишонини муваффақиятли урган ва нишонни вайрон этган".

Қанотли ракетанинг 200 километр масофага уча олиши хабар қилинган.

Бироқ "Франс Пресс" ахборот агентлигига кўра, қанотли ракета учун 200 километр ўрта ёки жуда қисқа масофа ҳисобланади.

Маҳаллий матбуотга кўра, "Қадр" ракетаси Эрон мутахассислари томонидан яратилган, ўта замонавий, бу турдаги ракеталарнинг янада мукаммаллаштирилганидир.

1 январ куни Эрон матбуоти "ер-ҳаво" ўрта масофага учадиган ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида хабар қилган эди.

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони айтишича, шу куни яна икки ракета синаб кўрилади.

2 январ куни тушга яқин Эрон матбуоти узоқ масофага мўлжалланган "ер-ер" синфидаги "Нур" ракетаси ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида хабар тарқатган.

Эрон 10 кунлик ҳарбий-денгиз машқларини ўтган ҳафта стратегик муҳим ҳисобланган Ҳормўз бўғозида бошлаган ва 2 январ куни машқларнинг якунланиши эълон қилинган.

Ушбу машқлар Эроннинг ядровий дастури туфайли Ғарб билан муносабатлари янада таранглашган пайтга тўғри келган.

Агар янада қаттиқ жазо чоралари жорий этиладиган бўлса, Эрон Ҳормўз бўғозини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Ҳормўз Форс кўрфазини Ҳинд уммони билан улайди.

АҚШ Энергетика Ахборот маъмурияти ҳисоб-китобларига кўра, жаҳондаги ишлаб чиқарилган нефтнинг 20 фоизи Ҳормўз бўғози орқали кемаларда олиб ўтилади.

1 январ куни АҚШ Президенти Барак Обама Эрон Марказий банки билан муомалаларни чекловчи янги қонунга имзо чеккан.

АҚШ ва иттифоқчилари Эрон ядровий қуролни яратиш устида уранни тўйинтираётганига ишонишади.

Теҳрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни, тобора ўсиб бораётган электр қувватига бўлган эҳтиёжни қондиришни мақсадини кўзлаганини айтиб келади.