Ироқ пойтахтидаги портлашларда камида 24 инсон ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Портлашлар Ироқда мазҳаблараро кескинлик ортган пайтда рўй берган.

Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган мавзеларида юз берган портлашларда камида 24 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланганлар.

Расмийларга кўра, бир мотоцикл ва бир неча автомобилга ўрнатилган бомбалар портлатилган.

Ушбу ҳужумлар АҚШ қўшинлари Ироқни расман тарк этганидан кейинги иккинчи ҳалокатли ҳужумлар бўлган.

Пойтахт Бағдоднинг бир неча жойларида 22 декабр куни рўй берган портлашлар 60 инсон умрига зомин бўлганди.

Ироқ Ички ишлар вазирлигига кўра, сўнгги портлашлар Садр Сити ва Козимия мавзеларида юз берган, 70 га яқин одам жароҳатланган.

Ҳужумлар Ироқда мазҳаблараро таранглик ортиб бораётган пайтда юз бермоқда.

Би-би-сининг Ироқдаги мухбири айтишича, ҳозирги пайтда мамлакат ўз бошидан энг оғир сиёсий инқирозлардан бирини кечирмоқда ва ва вазият жуда таранг.

Охирги портлашлар Бағдоддаги энг гавжум соатларда содир этилган, Ички ишлар вазирлигидан айтишларича, тинч фуқаролар нишонга олинганлар.

Мухбирларга кўра, эрталаб Садр Ситида мардикорлар тўпланадиган жойда кичик бир мотоцикл қолдириб кетилган.

Бир неча дақиқадан кейин мотоцикл портлаган, саккиз киши ҳалок бўлган.

Бир неча одам яраланган, атрофдаги автомобиллар ёниб кетган.

Орадан ярим соат ўтиб, кичик чой дўкони ёнида яна бир бомба портлаган, оқибатда бир инсон ҳалок бўлган.

Соат 9 ларда Козимия мавзесида бирин-кетин икки автомобил портлаши натижасида камида 14 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си мухбири Ироқ коалицион ҳукуматидаги инқироз сунний вице-президент Тариқ ал-Ҳошимийга жиноят иши очилиши билан кучайганини айтади.

Тариқ ал-Ҳошимийга терроризм бандлари айбловлари қўйилиб икки ҳафта олдин қидирув эълон қилинган, унинг ўзи бу айбловларни рад этади.

Мамлакат парламентидаги "Ал-Ироқия" сунний блоки ал-Ҳошимийга айб қўйилишига норозилик сифатида парламент мажлисларини бойқот қилмоқда.

Сунний сиёсатчилар шиа Бош вазир Нури ал-Маликийни ҳокимиятни монополия қилишда айбламоқдалар.

Тариқ ал-Ҳошимийни Ироқ Курдистони раҳбарияти ўз муҳофазасига олган, у Ирбил шаҳрида яширинмоқда, Бош вазир Нури ал-Маликий маҳаллий раҳбарлардан ал-Ҳошимийни топширишни талаб қилмоқда.

Садр Ситидаги портлаш жойида "Франс Пресс" ахборот агентлиги мухбирига гапирган ишчилардан бири Аҳмад Халаф зўравонликларда Ироқ сиёсатчиларини айблаган.

"Сиёсий раҳбарлар қудрат талашиб бир-бири билан жанг қилаяпти, бунинг ҳақини эса биз тўлаяпмиз. Агар ал-Ҳошимий ёки яна бирор киши қидирилаётган бўлса, бунда бизнинг айбимиз нима? Нега биз жабр кўришимиз керак?" деб айтган Аҳмад Халаф.

Бу мавзуда батафсилроқ