'Дунё Бирма раҳбариятидан демократик ислоҳотларини чуқурлаштиришини истайди'

Бирма президенти Сейн Шейн ва Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Британия ташқи ишлар вазирига кўра, Бирма раҳбарлари ислоҳотлар ортга қайтмаслигига ишонтиришган

Бирмага борган Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг бу мамлакатга ташриф буюрган сўнгги олиймақом дипломат бўлган, у халқаро ҳамжамият Бирма раҳбариятидан кўпроқ сиёсий ислоҳотлар кутаётганини айтган.

Ғарб сиёсатчилари Бирмада охирги пайтларда амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишламоқдалар ва мамлакатнинг ҳарбий эмас, фуқаровий ҳукуматидан сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилишини кутаётганларини айтмоқдалар.

Мамлакатга янги йил арафасида АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ташриф буюрганди, Бирма Британия мустамлакасидан озод бўлганининг 64 йиллигини нишонлаганининг эртаси куни Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Бирмага борган, у мамлакатнинг фуқаровий президенти Сейн Шейн, бошқа ҳукумат расмийлари билан учрашган.

Бирмадаги асосий ўзгаришлар касаба уюшмаларининг рўйхатдан ўтказилиши, матбуот фаолияти учун жорий этилган чекловларнинг бир қадам юмшатилиши ва айрим сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқарилиши бўлди.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг айтишича, Бирма расмийлари уни ислоҳотлар энди ортга қайтмаслигига ишонтиришган, у эса Бирма демократия томон қадамларини яна давом эттиришини халқаро ҳамжамият истаётганини расмийларга билдириб келаяпмиз, деган.

"Бутун дунё ҳукуматнинг амалий ишларига қараб баҳо беради. Биз маҳбусларнинг озод қилинганини олқишладик, аммо биз янада кўпроқ сиёсий маҳбуслар қўйиб юборилишини амалда кўришни истаймиз. Шундай экан, биз ҳукумат ҳаракатларига қараб баҳо берамиз, айни пайтда биз уларнинг амалларини олқишлаб, бунга рағбатлантирмоқдамиз", деган Британия ташқи ишлар вазири.

Рангундаги расмий музокаралари пайти Британия Ташқи ишлар вазири шу йил апрелига мўлжалланган сайловларнинг эркин ва адолатли бўлишини таъминлаш муҳимлигини урғулаган, сиёсий маҳбуслар ҳақидаги талабни ифода этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC screengrab
Image caption Аун Сан Су Чи Бирмада демократик сайловлар бўлиб ўтишига ишонишини айтган.

Бирма Ташқи ишлар вазири Вунна Маунг Лвин айтишича, мамлакат қамоқхоналарида бугун эътиқод маҳбуслари қолмаган, бироқ ўтган йилги 200 тача маҳбус озод этилгани ортидан яна кўпроқ авфлар кўзда тутилмоқда.

Бирма мухолифати раҳбари Аун Сан Су Чи Би-би-си билан суҳбатда мамлакатда демократик сайловлар бўлиб ўтишига ишонишини айтган.

Яқин-яқинларгача ҳарбий ҳукумат томонидан бошқарилган Бирма ҳақида фақатгина мухолифатга ўтказилаётган тазйиқлар ва сиёсий маҳбуслар мавзусидагина сўз юритиларди.

Бугун эса уй қамоғидан озод этилиб, партияси қайта рўйхатга олинган Аун Сан Чи мамлакатга сафар билан келган Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Хейг билан учрашмоқда.

Би-би-сига интервьюсида Аун Сан Су Чи айтишича, шу йил давомида мамлакатнинг демократия томонга нақадар илгари силжиётгани аниқ бўлади.

Унинг фикрича, Бирманинг демократия томон қадамларини секин деб баҳолаш мумкин.

"Мен ўйлайманки, демократия томон қадамлар биз истаганчалик тез бўлмаяпти. Лекин бошқа томондан буни мен жуда ҳам секин деб айтмаган бўлардим. Секин, лекин жуда чекин эмас", деб айтган Аун Сан Су Чи.

Сан Су Чи хоним, мен тириклигимда Бирмада демократик сайловлар бўлиб ўтганининг гувоҳи бўламан деб ишонаман, деган.

Бу мавзуда батафсилроқ