Беларус: интернет 'қоидалари'ни бузганлар жазоланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Интернетни чекловчи янги қонун Беларусда бугун кучга кирди

Беларусда жума куни кучга кирган янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, ўқув даргоҳларининг "қора рўйхат"га тушган веб саҳифалардан фойдаланишлари тақиқланади ва интернет кафелари мижозларининг паспортидаги маълумотларни қайд этишлари шарт бўлади.

Бундан ташқари, ушбу тақиқ давлат идоралари ва давлатга қарашли фирмаларга ҳам тадбиқ этилади.

Масъуллар "қора рўйхат"га фақат ҳаёсиз ва экстремистик руҳдаги веб саҳифалар киритилишини таъкидлашса-да, аммо ўз сўзларига ҳаммани ҳам ишонтира олишаётгани йўқ.

Мамлакатдаги мухолифат фаолларининг иддао этишларича, ҳукумат ушбу рўйхатга инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотларини ҳам киритмоқчи.

Ўз иш жойларида мухолифатнинг янгиликларидан хабардор бўлиб келган кишилар эса, бир неча ҳафтадирки, ижтимоий мулоқот тармоқлари ва айрим мухолиф веб саҳифалари тўсиб қўйилганидан шикоят этишмоқда.

Бундан ташқари, янги қонунга мувофиқ, Беларус ширкатларининг "by" домени остида бўлмаган халқаро интернет-порталларида савдо-сотиқ олиб боришлари ҳам тақиқланади.

Аммо, масъулларга кўра, ҳозирча алоҳида шахсларнинг Amazon ёки eBay каби интернет сайтларидаги кимошди савдоларида иштирок этишлари ман этилмайди.

Мамлакат амалдорларининг таъкидлашларича, ушбу тартиб-қоидаларни бузганларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишлари фуқароларнинг халқаро интернет тармоғидан буткул узиб қўйишни англатмайди.

Қонунбузарларнинг жаримага тортилишларини кўзда тутувчи янги қонун ўтган ноябр ойида Беларус парламенти томонидан қабул қилинганди.

Масъулларга кўра, янги чоралардан мақсад - интернет орқали олиб борилувчи савдо-сотиқларнинг шаффофлигини таъминлаш, интернет фойдаланувчиларини тарқатилиши қонунга зид бўлган маълумотлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг ор-номусларини муҳофаза этишдир.

Кузатувчилар Беларусда янги қонуннинг қабул қилинишига ижтимоий мулоқот тармоқлари муҳим ўрин тутган Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида кузатилган "араб баҳори"нинг таъсири катта бўлганини таъкидлашади.

Ўтган йил "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Беларусни "матбуот душманлари" рўйхатига киритганди.

Бу мавзуда батафсилроқ