АҚШ: Гуантанамо маҳбусларини Афғонистонга ўтказиш қизғин баҳсга сабаб бўлиши мумкин

Ибодат қилаётган Гуантанамо маҳбуслари Фото муаллифлик ҳуқуқи other
Image caption Гуантанамо маҳбусларининг аксари Афғонистонда қўлга олинган

Америкадан олинган сўнгги хабарларга кўра, Президент Барак Обама маъурияти ҳали якуний қарорга келмай туриб, танқидчилари Гуантанамо қамоқхонасидаги айрим Толибон маҳбусларини Афғон ҳукумати назорати остига ўтказиш режасини чиппакка чиқариш йўлларини излашмоқда.

Афғон можаросига сиёсий ечим топиш ҳаракатида бўлган Америка ҳукумати ушбу режаси билан Толибон ҳаракатининг ишончини қозонишни истайди.

Обама маъмурияти яқинда толибларни ўзларининг душманлари сифатида кўрмасликларини ҳам баён қилганди.

Буларнинг барчаси Республикачиларнинг кескин танқидларига ҳам сабаб бўлганди.

Оқ Уй маъмурияти мамлакат учун аҳамиятли саналган масалада бирор амалга қўл уришидан олдин Сенат ва Конгресс маъқулловини қўлга киритиши талаб этилади, айни шу жараёнда маъмуриятнинг у ёки бу ташаббусига қарши нуқтаи назардаги сиёсатчиларни бунга кўндириш лозим бўлади.

Олинаётган хабарларга кўра, 10 йилдан буён давом этаётган қон тўкилишига чек қўйишни истаётган Обама маъмурияти Толибонни тинчлик музокараларига жалб этишни истайди ва бу музокараларни бошлаш олдидан ўзининг асосий шартларидан бири деб қўйган Толибоннинг талабини бажариш устида бош қотирмоқда.

Америкадаги Конгресс аъзолари бу борадаги режалар билан ўта махфий тарзда таништирилганлар, Оқ Уй Америка Конгрессининг Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган айрим Толибон маҳбусларининг Афғонистон ҳукумати ихтиёридаги қамоқхонага ўтказиш ғоясини дастаклашига умид қилмоқда.

Ҳали конгрессменлар ҳаволасига расман бу масала қўйилмаган бўлса-да, аллақачон Конгресснинг айрим аъзолари президент маъмуриятига бу режага қаршиликларини билдириб мактублар ёзганлари хабар қилинмоқда.

Бу мактубларда улар ўзларининг нима учун қарши эканларининг исбот-далилларини келтирганлар.

Танқидчиларга кўра, Афғонистон қамоқхоналарига ишониб бўлмайди, бунинг бир мисоли олдинги йилларда бир неча марта юзлаб маҳбусларнинг қамоқхоналардан қочишга муваффақ бўлганларидир.

Ўтган йили апрелида Афғонистон жанубидаги Қандаҳор шаҳри қамоқхонасидан бир неча ой мобайнида лаҳм қазилиб, ушбу ерости йўлидан бир кечада 475 Толибон жангариси қочган эди.

Гуантанамодан Афғонистонга олиб ўтилиши кўзда тутилган энг юқори даражадаги маҳбуснинг собиқ Толибон қўмондони мулла Муҳаммад Фазл экани айтилмоқда.

Мулла Муҳаммад Фазл минглаб ҳазора шиалари ўлими учун масъул қўмондон деб кўрилади.

Америкадаги танқидчиларнинг кейинги важлари шуки, бундан олдин Гуантанамо қамоқхонасида сақланган маҳбусларнинг озод этилганларидан кейин яна қўлларига қурол олганларидир.

Америка қонунлари бўйича президент маъмурияти қонун ишлаб чиқарувчилар қарорини кутиб Конгрессга расман мурожаат этиши керак, ҳали бу мурожаат бўлгани йўқ, шу боис ҳам Гуантанамо маҳбусларини Афғонистонга ўтказиш режасининг кўп тафсилоти аён эмас.

Толибон маҳбусларининг Афғонистонга ўтказилиши масаласи Конгрессда кўпчилик томонидан маъқулланмаса, Президент Обама маъмурияти бунга қаттиқ турмаслиги, бу эса шу йил ноябрига мўлжалланган президентлик сайловинининг яқинлашиб келаётгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Январ ойи бошида Толибон Ғарбнинг Афғонистондаги урушни тўхтатиш режасининг бир қисми сифатида Қатарда ўз сиёсий идорасини очиш борасида дастлабки келишувга эришганлари борасида ўз баёнотини эълон қилган.