Афғонистон: Багром базасидаги маҳкумлар "қийноққа тутилган"

Багром қамоқхонаси Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Багром қамоқхонасида террорда гумон қилинган шахслар ҳам ушлаб турилади

Афғон терговчилари АҚШ армиясини Афғонистондаги асосий қамоқхонада маҳкумларга ёмон муносабатда бўлишда айблади.

Терговчилар сўзларига кўра, маҳкумлар қийноқларга тутилганликлари ва гувоҳсиз ушлаб турилганликларини айтганлар.

Бу айбловлар Президент Ҳомид Карзай Америкадан Кобул яқинида жойлашган Багром қамоқхонасини бир ой ичида маҳаллий полиция ихтиёрига топширишни талаб қилишидан бир неча кун ўтиб янграмоқда.

Ҳомид Карзай талаби Багром қамоқхонасини афғонларга икки йил ичида топшириш юзасидан иш олиб бораётган Қўшма Штатларни таажубга солган.

Айни дамда Қўшма Штатлар афғон терговчилари даъволарини ўрганиб чиқишга ваъда берган.

"Биз бунга жиддий эътибор қаратаяпмиз ва маҳкумларга ёмон муносабатда бўлингани ҳақидаги даъволарни ўрганиб чиқамиз," - деди Кобулдаги Америка элчихонасининг сўзчиси.

Тергов комиссиясининг бошлиғи, Гул Раҳмон Қози, маҳкумлар уларни давомли калтаклашлари, ноқонуний тинтув қилишлари ва совуқда ушлаб туришлари юзасидан шикоят қилганлар.

"Багромга сафаримиз жараёнида баъзи маҳкумлар уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани, баъзилари эса калтакланаётганлари юзасидан шикоят қилишди," - деди у Кобулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Комиссия бошлиғи 71 ёшли маҳкум, Абдул Жаббор, ишига алоҳида тўхталииб, унинг чироғсиз қоронғу хонада ушлаб турилгани ва мушт зарбидан тиши синганини айтди.

"Маҳкумлар баданида қийноқ излари йўқ эди, аммо улар қийноққа солинганликларини даъво қилишди," - деди жаноб Қози.

Маҳкум мақоми

Расман "Парвон Ушлаб Туриш Маркази" номи билан танилган Багром қамоқхонаси Афғонистондаги НАТО кучларининг энг йирик базаларидан бирида жойлашган.

У ерда уч минг маҳкум, жумладан террорда гумон қилинган шахслар сақланади.

Афғон полицияси уларнинг 300 нафари устидан назорат қилади.

Багром қамоқхонасида ушлаб турилган маҳкумлар мақоми Афғонистондан хорижий кучларни олиб чиқиш юзасидан олиб борилаётган музокараларда асосий мавзулардан бири ҳисобланади.

5-январ куни Президент Ҳомид Карзай қамоқхонани бир ой ичида Афғонистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёрига топширишни ва ушбу жараённи назорат қилиш бўйича махсус комиссия тузишни талаб қилди.

Қўшма Штатлар жаноб Карзай талабига "афғон ҳукумати билан муассисани топшириш юзасидан анчадан буён иш олиб борилапти", дея жавоб қайтарди.

Гул Раҳмон Қозининг айтишича, қамоқхона "иложи борича тезроқ" афғон кучлари ихтиёрга ўтказилиши керак.

"Афғонистон томони бу масала юзасидан масъулият билан иш олиб бориши керак," - деди жаноб Гул.

Бу мавзуда батафсилроқ