Польшадаги матбуот анжуманида прокурор ўзини отиб қўйган

mikolaj_przybyl Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Прокурор Миколай Пшибил конференция ўтаётган пайтда ўзига ўқ узган

Польшада матбуот конференцияси бўлиб ўтаётган пайтда ҳарбий прокурор тўсатдан конференцияни тўхтатган ва бошига қарата ўқ узган, деб хабар беришган маҳаллий ахборот воситалари.

Матбуот анжумани пайтида прокурор Миколай Пшибил сўзга чиққан.

Смоленск яқинида авиаҳалокатга учраган Польша президенти Лех Качинскийнинг ўлими тафсилотларини ўрганаётган журналистларнинг ўзаро сўзлашувларига прокуратура қулоқ солган, деган гапни инкор қилган.

Шундан сўнг, прокурор журналистлар уни холи қўйишларини, унга танаффус кераклигини айтган.

Бироздан сўнг журналистлар гумбурлаган овозни эшитиб, залга қайтиб киришган.

Улар прокурорни полда қонга беланган ҳолда кўришган. Миколай Пшибил касалхонага олиб кетилган.

Шифокорларга кўра, аҳволи қониқарли, ҳаётига қарши хавф йўқ.

" Биз кучли гучбурлашни эшитиб ичкарига қайтдик.

Камералардан бири тушиб кетди, деб ўйлабмиз.

Кейин прокурорни ҳаракатсиз, қонга беланган ҳолда кўрдик.

Ёнида тўппонча ётарди",- деган журналистлардан бири Польша телевидениесига берган интервьюсида.

Польша президенти Бронислав Комаровский ушбу ҳодисадан қаттиқ хавотирини билдирган.

Польша миллий хавфсизлик қўмитасидан вазиятни жиддий ўрганишни сўраган.