BBC navigation

Эронда бомба "ядрофизик олимни ўлдирган"

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2012 - 09:21 GMT

Эрон ҳужумда исроилликларни айбламоқда

Теҳрон шимолида ядрофизик олим машина бомбаси портлаши оқибатида ҳалок бўлган.

Эрон матбуоти қурбонни Мустафо Аҳмади-Рошан дея номлади. У университетда ўқитувчилик қилишдан ташқари Натанз уранни бойитиш корхонасида ишлаган.

Ҳукуматга яқин Фарс хабар агентлигига кўра, мотоциклда ҳаракат қилаётган шахс олимнинг машинасига магнитли бомбани ёпиштириши оқибатида портлаш юз берган.

Бу охирги икки йилнинг ичидаги эронлик ядрофизик олимларга қарши қилинаётган тўртинчи ҳужумдир. Охирги икки ҳужумлар ҳам мотоциклчиларнинг машинага бомбани ёпиштириши билан амалга оширилган.

Эрон ҳужумларда АҚШ ва Исроил жосуслик хизматларини айблаб келади.

Иккала мамлакат ҳам бу айбловларни рад қилади.

Маҳаллий манбаларга кўра, охирги ҳужум Эроннинг Алламеҳ Табатай Университети ҳудудида юз берган.

Гул Наби кўчасида амалга оширилган бу портлашда яна икки киши жароҳат олгани айтилади.

Ўттиз икки ёшлик жаноб Аҳмади-Рошан нефт саноати мутахассислиги бўйича университетни тамомлаган ва Исфахон вилоятидаги Натанз уранни бойитиш корхонасида бўлим раҳбари бўлиб ишлаган.

"Бомба магнитли бўлган, у аввал ҳам олимларни ўлдириш учун қўлланилган. Бу Сиёнийлар (исроилликлар) иши", деди Теҳрон ҳокими Сафарали Баратлу.

Гувоҳлар икки кишининг машинага бомбани ёпиштираётганини кўрганларини айтишган. Машина ичида бўлган яна бир киши қаттиқ жароҳат олгани ишонилади.

Мазкур ҳужум Теҳрон Университетининг 50 ёшли ўқитувчиси Масъуд Али Муҳаммадий 2010 йил 12 январида ўз уйи олдида узоқдан бошқарилувчи бомба ёрдамида ўлдирилишидан икки йил ўтиб юз бермоқда.

Ҳужум ортидан чоп қилинган хабарлар Доктор Муҳаммадийни ядрофизик дея тасвирлашган, бироқ кейинроқ у физиканинг бошқа тури бўйича ишлагани аён бўлган.

Шунингдек, ҳужумнинг ички тортишувларга қанчалар алоқадорлиги савол остига олинган - баъзи хабарларга кўра, у мухолифатчи раҳбарлар билан яқин бўлган.

Лекин, 2011 йил августида эронлик Мажид Жамоли Фаший исмли киши олимнинг қотиллиги учун ўлим жазосига ҳукм этилган ва Исроилнинг Моссад жосуслик агентлигига ишлашда айбланган. Исроил бу каби айбловларга муносабат билдирмай келади.

Теҳроннинг ядровий амбициялари халқаро тортишувларга сабаб бўлиб келмоқда.

У ўз ядровий дастури тинч йўлларда амалга оширилишини айтади, лекин АҚШ ва Ғарб мамлакатлари Эронни ядровий қуролни қуришда гумон қилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.