BBC navigation

Суриянинг "фитна" айбловларини АҚШ қоралаб чиқди

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2012 - 10:05 GMT

Президент Ассад "террорчилар"га қарши қаттиқ курашишини айтди

АҚШ ва Франция Сурия раҳбари Башар ал-Ассаднинг ўзига қарши оммавий ғалаёнларга "ташқи фитна" сабаб эканини айтиб қилган нутқини қоралаган.

АҚШ Давлат Департаменти Президент Ассад "жавобгарликни ўзидан бошқа ҳамманинг елкасига оширди" деб айтди.

Франция ташқи ишлар вазирлиги эса нутқни "воқеъликни инкор қилиш" дея тасвирлади.

Камдан-кам қиладиган халққа мурожаатида жаноб Ассад халқаро қудратлар Сурияни беқарорлаштиришга уринаётганлари ва "террорчилар"ни "темир мушт" билан янчиб ташлашини айтган.

Вашингтонда муносабат билдирган давлат департаменти воизи Виктория Нуланд қуйидагиларни айтди: "Ассад Суриядаги вазият учун хорижий фитнани айбламоқда, лекин бу вазиятга энди Араб Лигаси, Сурия мухолифатининг аксар қисми ва бутун халқаро ҳамжамият қўшилган. Суриядаги масъулиятга келганда, у жавобгарликни ўзидан бошқа ҳамманинг елкасига оширмоқда".

У мазкур нуқт жаноб Ассад учун ҳукуматдан кетиш вақти келганини яна бир бор исботлаганини айтди.

Кузатувчиларга қарши танқидлар

Сешанба кунги нутқ Президент Ассаднинг ўтган март ойида норозиликлар бошланганидан бери қилган учинчи телевизион чиқиши бўлди. Бу сафарги нутқ икки соат давом этди.

"Минтақавий ва халқаро томонлар мамлакатни беқарорлаштиришга уриндилар", деди у.

"Биз учун энг устивор масала биз ўнлаб йиллар сақлаб келган барқарорликни тиклаш, ва бунга террорчиларни темир мушт билан янчиб ташлаш билангина эришиш мумкин".

"Мамлакатимизга қарши иш юритаётган ташқи кучлар билан ҳамкорлик қилувчиларни аяб ўтирмаймиз".

Сурия ҳукумати қуролли гуруҳларга қарши курашиб келаётганини ва шу кунгача 2000 аскар ўлдирилганини айтади.

Ўтган ойлар ичида армия дезертирлари мухолифат тарафига ўтишган ва ҳукумат нуқталарига қарши ҳужум қилишган.

Декабр ойида 165 кузатувчидан ташкил топган Араб Лигаси гуруҳи Сурияга киритилган. Гуруҳ вазифаси зўравонликларни тўхтатиш, шаҳарлардан оғир қуролларни олиб чиқиш ва сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирувчи тинчлик режасининг қандай тадбиқ қилинаётганини кузатишдир.

Бироқ, мухолифат фаоллари кузатувчиларни Сурия ҳукуматига хайрихоҳликда айблашган.

"Уруш жиноятлари"

Айни дамда Араб Лигасининг Суриядаги кузатувчи гуруҳи таркибида иш юритган собиқ кузатувчи мазкур миссия ҳўжакўрсинга қилинаётган амал эканини айтиб чиққан.

Жазоирлик сиёсатси Анвар Малик Суриядаги вазиятни инсоний фожеа дея тасвирлади.

Ал-Жазира телеканалига берган интервьюсида жаноб Малик Сурияда ўзи гувоҳ бўлган воқеалардан сўнг кузатувчилар гуруҳидан чиқиб кетганини айтди.

Унга кўра, миссия ўз ишини бажаролмаяпти, Президент Ассадга содиқ қўшинлар уруш жиноятларини амалга оширмоқдалар: снайперлар оддий фуқароларни ўлдирмоқда, одамлар хавфсизлик кучлар томонидан ўғирланиб қамоқларда қийноқларга солинмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.