BBC navigation

"Владимир Путин Лондон 2012 Олимпиадасига ҳуш қарши олинмайди"

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2012 - 11:28 GMT

Сергей Магнитский ҳибсга олинганда юқори даражали расмийлар орасидаги коррупцияни фош қилиш йўлида ишлаётган бўлган

Британия парламентида Россиядаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва икки йил аввал Москва полицияси идорасида вафот этган ҳуқуқшунос Сергей Магнитскийнинг иши бўйича ўтган мажлисда британиялик депутат Денис Макшейн Россия бош вазирини қаттиқ танқид қилди.

Мухолифатдаги Лейбористлар партиясининг аъзоси жаноб Макшейн Британия ҳукуматидан Владимир Путинга аниқ ишора беришни талаб қилди, у ҳам бўлса агар Россия ўзидаги инсон ҳақлари вазиятини яхшиламас экан, Путин Лондонда 2012 йил ёзида бўлиб ўтадиган Олимпиадада ҳуш қарши олинмайди.

Тони Блейрнинг ҳукуматида хизмат қилган собиқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Денис Макшейн ўз баёноти Россия спортчилари ва сайёҳларига қаратилмаганини урғулади.

"1980-йилларда Тэтчер хоним Буюк Британиянинг Москва Олимпиадасида иштирок этишига йўл қўймаган. Агар, бугунги бош вазиримиз Девид Камерон ҳам Темир хонимдан ўрнак олмоқчи бўлса, у жаноб Путинга "йўқ" дейиши керак бўлади", деди жаноб Макшейн.

Лейборист депутат Буюк Британия ҳукуматини "Магнитский рўйхати" дея ҳужжатга киритилган Россия мулозимларига қарши чекловларга қўшилишга чақирди. Бу рўйхатдаги расмийларнинг АҚШ ва қатор Оврўпо давлатларига киришлари тақиқланган.

Мажлис чоғида Макшейнни қатор бошқа парламент аъзолари, хусусан иқтидордаги консерваторлар ва либерал-демократлар коалицияси аъзолари қўллаб-қувватлашди.

Москвада Британиянинг Hermitage Capital ширкатига ишлаган ҳуқуқшунос Сергей Магнитскийнинг ўлимига алоқадор дея гумон қилинган қатор шахслар Британияга тўсиқларсиз сафар қилганлари қайд қилинган.

Британия ташқи ишлар вазирлигининг юқори даражали мулозими Генри Беллингэм ўз ҳукумати Магнитскийнинг ўлими очиқ ва шаффоф ҳолда тергов қилинишини талаб қилаётганини билдирди.

"Лекин, Магнитский иши ягона иш эмас. Ҳар йили Россиядаги изоляторларда 50-60 одам ўлади. Улар қандай шароитларда вафот этганлари текширилиши керак", деди у.

У, шунингдек, Буюк Британия Россиядан чечен ҳуқуқ фаоли Наталя Эстемирова ва журналист Анна Политковскаяларнинг ўлими борасида ҳам тўлиқ ва одилона тергов ўтказилишини талаб қилаётганини айтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.