Бирма мухолифатининг таниқли аъзолари озодликка чиқарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бирмада авф қилинганлар орасида таниқли диссдент Мин Ко Найнг борлиги айтилган.

Бирмада охирги йил мобайнида сиёсий маҳбусларга нисбатан эълон қилинган амнистияга мувофиқ бир гуруҳ таниқли диссидентлар озодликка чиқарилди.

Авф этилганлар орасида 1988 йили демократик ўзгаришларни талаб қилиб кўтарилган исён раҳбарларидан бўлган Мин Ко Найнг ҳам бор.

Мин Ко Найнг Бирмадаги сиёсий маҳбуслар орасида энг кўзга кўрингани, дея кўриларди.

Хабар агентликларига кўра, қамоқхонадан чиқиб келган диссидентни оломон қаршилаган.

1988 йилги норозиликлардан сўнг ҳибсга олиниб, саккиз йил қамоқда ўтказганидан сўнг 2007 йили электрон матбуот воситаларидан фойдаланганлик айби билан яна 65 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Нилар Тиен ҳам авф этилди.

2004 йили уй қамоғига маҳкум этилган собиқ бош вазир Хин Нюнт ҳам озод этилган.

Бирма давлат телевидениеси орқали берилган хабарда айтилишича, Президент фармонига мувофиқ ҳаммаси бўлиб 651 маҳбус авф этилади.

Би-би-сининг Жануби-Шарқий Осиё бўйича мухбирига кўра, авф этилганлар сиёсий мавқеи назарда тутилса ушбу амнистия Бирмадаги сиёсий ислоҳотлар томон қўйилган қадамлардан шу вақтгача энг муҳими бўлиши мумкин.

Бирма мухолифати раҳбари Аун Сан Су Чи амнистияни "ижобий белги" сифатида баҳолади.

Ислоҳотлар жараёни

Бирмада 2010 йил ноябр ойида қудратга келган фуқаро ҳукумати ислоҳотларни амалга оширишини маълум қилиб, шу вақтгача қатор сиёсий маҳбусларни озодликка чиқарди.

Янги ҳукумат мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чини уй қамоғидан озод қилиб, унинг ҳаракати билан музокараларга киришди.

Ҳозирда Аун Сан Су Чининг апрел ойида ўтажак парламентга оралиқ сайловларда иштирок этиши кутилмоқда.

Ғарб Бирмадаги ислоҳотларни олқишлаб, киритилган жазо чораларини бекор қилишдан аввал мамлакатдаги ҳамма сиёсий маҳбусларни озод этиш ва чегара минтақасидаги этник можарони ҳал этишга даъват қилган.

Бирмада сиёсий маҳбуслар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо бугунги авфдан олдин уларнинг сони 600 дан мингга қадар эканлиги тахмин қилинганди.