Толиблар жасадларини таҳқирлаган АҚШ аскарлари шасхи аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Америка аскарларининг Толиблар жангарилари жасадлари устидан пешоб қилаётганлари туширилган видео Интернетда пайдо бўлганди.

АҚШ Денгиз Кучлари расмийсининг Би-би-сига айтишича, Интернетда пайдо бўлган америка аскарларининг Толиблар жасадлари устидан пешоб қилаётганликлари туширилган видеодаги камида икки ҳарбийнинг шахси аниқланди.

Бу видео Интернетдаги Youtube видеопорталида пайдо бўлганидан сўнг АҚШ Денгиз Кучлари раҳбарияти текширув бошланганлигини маълум қилгандилар.

АҚШ ва Афғонистон расмийлари америка аскарларининг бу амалларини қоралаб чиққандилар.

Толиблар ҳам ушбу амални қоралаб, аммо сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатмаслигини билдирганлар.

Би-би-си мухбири Стив Кингстонга кўра, америка расмийлари шахслари аниқланган аскарлар исмларини ошкор этмаганлар, аммо хабарларда айтилишича, улар хизмат қилган бўлинма Шимолий Каролинадаги йирик ҳарбий базалардан бирида жойлашгандир.

АҚШ матбуотида айтилишича бу бўлинма Ироқ, Афғонистон ва Гуантаманамода ҳам жойлаштирилган бўлган.

CNN телеканалининг хабар беришича, бўлинма аскарлари Афғонистонга 2011 йилнинг бошларида жойлаштирилган ва сентябр-октябр ойларида ортга қайтишган.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта ҳам видеодаги амални қоралаб, ҳодиса юзасидан тўлиқ текширув ўтказилишини айтганди.

Пентагон АҚШ Мудофаа вазирининг Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан бу борада телефон орқали суҳбатлашганини тасдиқлади.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон матбуот анжуманида ушбу видеодан "даҳшатга тушган"лигини айтди.

Ҳозирда Афғонистонда 20 мингга яқин АҚШ Денгиз Кучлари аскарлари бор. Уларнинг аксари Қандоҳор ва Ҳелманд вилоятларида жойлаштирилган.

Ҳаммаси бўлиб Афғонистонда 90 минг америка аскари мавжуд. Президент Обама бу аскарлар 2014 йилда олиб чиқиб кетилишини маълум қилган.