Афғонистонда қалин қор 16 инсоннинг умрига зомин бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Афғонистон расмийларига кўра, Бадахшон вилоятида ёққан қалин қор ва қор кўчкиси натижасида камида 16 одам нобуд бўлган, яна кўплаб кишилар бедарак кетишган.

Уларга кўра, қалин қор ва асбоб-ускуналар тақчиллиги қутқарув гуруҳларининг энг ёмон зарар кўрган минтақаларга етиб боришига имкон бермаётир.

Бир қишлоқда камида 72та уй қор кўчкиси тагида қолган.

Расмийларнинг айтишларича, ер кўчкилари камида 12 туманни вилоят маркази Файзиободдан узиб қўйган.

Вилоят ҳокими Шоҳ Валиуллоҳ Адиб баъзи ҳудудларда 2-3 метргача қор тушганини айтади.

Бадахшоннинг табиий офатларга ҳозирлик идораси раҳбари Эҳсониллоҳ Амирийнинг Би-би-сига гапиришича, йўллар бекилиб қолгани ва қор тозалаш учун зарур булдозер каби ускуналарнинг етишмаслиги боис энг кўп зиён кўрган минтақалардаги одамларга фавқулодда озиқ-овқат ва дори-дармон етказишнинг имкони бўлмаётир.

Вилоятдан парламент вакили Фавзия Кўфи ҳукуматни "Бадахшон аҳолисига ёрдам бермаётган"ликда айблаган. Унга кўра, ҳукумат одамларга қиш мавсуми учун йиллик ёрдам пулини бермаган.

"Бу йил Табиий офатлар департаменти Бадахшон учун ҳеч қандай пул бермади", дейди у.

"Бадахшонда октябрдан бошлаб қор ёға бошлашини ҳамма билади. Улар ҳудудларда текширув олиб бориб, одамларни ер кўчкиларидан огоҳлантиришлари, шу билан бирга, озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлашлари мумкин эди", дея шикоят қилади Кўфи хоним.

Машаққатли турмуш тарзи

Расмийлар Ишкашим туманида кўплаб талофатлар кутилаётганини айтишган. Уларга кўра, туманда "72 хўжаликка эга бутунбошли қишлоқ" қор остида қолган.

"Биз у ердаги одамларга ёрдам бериш учун етарли асбоб-ускуналарга эга эмасмиз", дейди маҳаллий мулозимлардан бири.

Афғонистондаги чекка тоғли минтақада жойлашган Бадахшоннинг аксар туманлари қор тушиши ва қор кўчкилари боис қарийб ярим йил давомида ёпиқ қолади.

Маҳаллий одамларга кўра, бу ҳомиладор аёллар, кексалар ва бетоб болалар учун ҳаёт янада мушкуллашишини англатади.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Билол Сарварийнинг айтишича, айрим ҳудудларда одамлар энг яқин тиббий марказга бориш учун бир неча кун йўл босишлари керак бўлади.