BBC navigation

"Коста Конкордиянинг чўкишида капитан айбдор" - кема ширкати

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2012 - 09:17 GMT

Қутқарувчилар кеманинг сувга ғарқ бўлган қисмларида одамларни қидиришда давом этишмоқда

Жума куни Италия ғарбий қирғоқларида тошга урилиб чўккан круиз кемасини бошқарувчи ширкат кема капитани "хато қилган" бўлиши мумкин деб айтган.

Коста Крочиере ширкати чиқарган баёнотда, капитан қуруқликка ҳаддан ташқари яқин ҳаракат қилгани ва ширкатнинг фавқулодда вазиятлар учун ўрнатилган қоидаларига риоя қилмагани айтилади.

Капитан Франческо Шеттино қотилликда айбланмоқда, лекин у буни рад қилади.

Фожеада камида олти киши ўлган ва 15 киши ҳали ҳам топилмаган. Қутқарувчилар омон қолганларни топишга уринишмоқда.

"Афтидан капитан хатоларга йўл қўйган ва бу жиддий оқибатларга етаклаган", дейилади Коста Крочиере баёнотида.

Коста Конкордия кемаси Тоскана ҳудудидаги Жилио ороли қирғоқларидан бир неча метр узоқликда бир ёнига ағаниб ётибди.

Капитан Шеттино қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Бош прокурор кема "катта эҳтиётсизлик билан Жилиога яқин келган"ини айтган.

Лекин, Капитан Шеттино ўзини ҳимоя қила туриб, кема урилган тошлар денгиз харитасига киритилмаган бўлганини билдирган.

"Остимизда чуқур сув бўлиши керак эди. Биз тошлардан камида 300 метр узоқда эдик. Ҳеч нимага урилмаслигимиз керак эди", - деб айтди у Италия телевидениесига гапира туриб.

У, шунингдек, прокурорларнинг капитан йўловчилар эвакуацияси тугамай туриб кемани тарк этган деган даъвосини рад қилди. "Биз ҳаммадан кейин кемани тарк этдик", - деди у.

Талафот сони

Душанба тонгида қутқарувчилар кема даҳлизида эгнида қутқарув камзули бўлган эркак кишининг жасадини топганлар.

Якшанба куни қутқарув гуруҳи Коста Конкордиянинг қисман сувга ғарқ бўлган қисмида икки ёши катта эркак кишининг жасадларини топишган.

Жасадлар шахси аниқланиши учун қуруқликка олиб кетилган.

4200 кишини олиб кетаётган кема Ўрта Ер денгизи бўйлаб чиққан саёҳатининг биринчи тунида чўккан.

Қутқарув гуруҳлари кемадаги юзлаб ётоқхоналарни бирма-бир текширишга уринар эканлар, ёмон об-ҳаво уларнинг ишини қийинлаштирмоқда.

Капитан Франческо Шеттино кема чўкишига айбдор эмаслигини даъво қилди

"Биз кемадаги бир кабинадан иккинчисига юриб, ҳаёт аломатларини илғашга уринаяпмиз, масалан одамларнинг қичқиришлари ёки қандайдир шовқин илғаш учун", - деди Италия Ички Ишлар Вазирлиги воизи Франческо Пауло Тронка.

"Бу жуда қийин амалиёт. Гап кўп қаватли кемадаги юзлаб кабиналар ҳақида кетмоқда", - деди у.

Якшанба куни кемадан уч омон қолган йўловчи қутқариб олинган. Сув устида ишлаётган гуруҳ эса оёғи қаттиқ лат еган кема ходимини қутқариб олди.

Ундан бироз аввал асал ойига чиққан кореялик жуфтлик қамалиб қолган кабиналаридан озод қилинганлар. Улар жароҳат олмаганлар, лекин қаттиқ ларзага келганлар.

Жон сақлаш учун сузганлар

Шанба куни расмийлар икки франциялик йўловчи ва бир перулик ходим нобуд бўлгани ва 30 киши жароҳат олганини билдиришган.

Кемадаги 3200 йўловчи ичида Италия, Франция, Олмония, Британия ва Қозоғистон фуқаролари бўлган. Унда, шунингдек, бир минг нафар ходим ишлаган.

Коста Крочиеренинг президенти Жианни Онорато ўз ширкати мазкур фожеанинг сабабларини аниқлаш учун "Италия ҳукумати билан тўла шаффофликда ҳамкорлик" қилишини айтган.

Жаноб Онорато кема ўта тез суратларда ёнига ағанагани учун одатий эвакуация амали "деярли имконсиз" бўлганини билдирди. Баъзи йўловчилар Жилио оролигача сузишга мажбур бўлганлар.

Омон қолганлар паром кемасида Жилиодан 25 чақирим узоқликдаги Порта Сан Стефано шаҳрига олиб борилганлар.

Кемада бўлган йўловчилар ҳодиса вақтида ваҳима ва тартибсизлик юзага келгани, ҳамда кема ходимлари ҳодисадан аввал йўловчиларга қутқарув жараёнини тушунтирмаганларини айтишди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.