Владимир Путин "Эхо Москвы" радиосини кескин танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия Бош вазири "Эхо Москвы"ни эртадан кечгача ўзининг устидан ахлат ағдаришда айблади

"Менга эрталабдан кечгача ахлат тўксангиз ҳам, сиздан хафа бўлмайман ", - деб айтди Россия ҳукумати бошлиғи "Эхо Москвы" радиосининг бош муҳаррири Алексей Венедиктов билан суҳбат чоғида.

Владимир Путин уни асоссиз танқид қилишларига мисол сифатида АҚШнинг ракеталардан ҳимояланиш тизими ҳақида "Эхо Москвы" радиоси ўтказган баҳсни келтирди. "Бунақанги алаҳсирашни қаердан олишади билмайман ", - деди Путин Венедиктовга.

Путин эшиттириш иштирокчиларининг ракеталардан ҳимояланиш радарларининг Россиядан қанча узоқ масофада жойлаштирилиши муҳим эмас, деган фикрларига қўшилмаслигини айтди.

Бош вазир, шунингдек, айни масалани муҳокама қилиш ҳақидаги Америка таклифига Россия рози бўлмаётгани ҳақидаги фикрларга ҳам қўшилмаслигини айтди.

Владимир Путиннинг таъкидлашича, мавзуга бу тарзда ёндашиш бир мамлакат манфаатларини халқаро саҳнада ҳимоя қилишга ўхшайди.

Путин Алексей Венедиктовдан бўлажак сайловда кимга овоз беришини сўради.

"Эхо Москвы" бош муҳаррири сайловларга узоқ вақтлардан буён бормаслигини айтди.

Мухолифат вакиллари билан мулоқот

Путин мухолифат намояндалари - ёзувчилар Борис Акунин ва Дмитрий Быков билан диалогга тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.

"Мен шахсан ўзим ва менинг ҳамкасбларим улар билан учрашишга ва гаплашишга тайёрмиз. Дарвоқе, уларни бир неча марта суҳбатга ҳам чақирдик ", - деди Путин.

Шу билан бирга Россия Бош вазири Борис Акуниннинг гуржи миллатига мансублигини ҳам эсга солди.

"Инсонлар турфли мақсадларни кўзлаб ҳаракат қилишади. Мана, мисол учун, биз ҳаммамиз ёзувчи Акунинни яхши кўрамиз. У, менинг назаримда, жуда қизиқ нарсаларни ёзади. Ёзганлари экран юзини кўради. Менинг билишимча, унинг миллати гуржи. У Қавқоздаги инқироз, Гуржистон ва Россия ўртасидаги қуролли кураш пайтида Россия ҳатти-ҳаракатларини қабул қилмаган бўлиши мумкин. Мен буни тушунаман ", - деб айтди Владимир Путин.

Кейинчалик "Эхо Москвы" радиоси билан суҳбатда Борис Акунин Бош вазирдан ранжимаганини айтди. Аммо, агар Путинга миллатнинг аҳаммияти бўлса, "бу унинг инсон ва сиёсатчи сифатидаги характерини белгилади," - деди Борис Акунин.

"Улар, биз баҳс ўтказишни истаймиз, лекин ҳукумат бизга қулоқ солмайди, дейишади. Биз уларни таклиф қилдик, лекин улар келишмаяпти. Менда савол туғилади: улар нима исташади? Улар мулоқот йўқ, демоқчи бўлишадими? Ёки улар мулоқот ўтказишни исташмайдими?" - деди Владимир Путин.

«Эхо Москвы» радиосида Россия ҳукумати раҳбарининг бу эътирозини шарҳлар экан Дмитрий Быков Путиннинг учрашув таклифини рад этмаслигини, аммо у аввалига Борис Акунин билан маслаҳатлашиб олиши кераклигини айтди.

"Ҳукуматнинг адабиётга бўлган бундай эътибори - қизиқ ҳолат. Бу - эътироф. Аввал Путин оддий қилиб: "У ерда гаплашадиган ҳеч ким йўқ, " - деб айтганди," дейди ёзувчи Быков.

Ўз навбатида ёзувчи Борис Акунин "Эхо Москвы" билан суҳбатда Владимир Путин билан ростдан ҳам учрашиш нияти йўқ эмаслигини айтди.

"Агар Владимир Путин учрашиб, гаплашишни истаса, агар у жиддий ва кескин суҳбатга тайёр бўлса, ҳеч қандай муаммони кўраётганим йўқ. Мен унга мамлакатдаги вазият ҳақида ҳамма нарсани айтишга тайёрман ", - деди Борис Акунин.

"Эхо Москвы" радиоси рус мухолифати фаоллари ва Кремл танқидчилари фикрларини давомли бериб борувчи Россиядаги саноқли радиолардан биридир.

Радио ҳиссаларининг аксари Россиянинг Газпром ширкатига қарашли бўлса ҳамки, "Эхо Москвы" ўз фаолиятини мустақил олиб боради.