Қўл-оёғи шол рассом ва мусиқачи Абдулали ижодхонасида

Image caption Қўл-оёғи шол Абдулали тиши билан ёзиш, мусиқа чалиш ва расм солишни ўрганди

Ҳиротлик Абдулали Баракзай 18 йил бурун қўл-оёғидан ажралганди.

Уйига келиб тушган бомба ҳали ёш болалигида уни ногиронга айлантирган.

Аммо бу аҳволи Абдулалини ҳаётда баъзан соғлом одамлар эриша олмайдиган муваффақиятларга интилишдан қайтармади.

Image caption Абдулали яқинда Президент Ҳомид Карзай суратини ҳам чизиб тугатди

Узоқ йиллик саъй-ҳаракат ва машқ туфайли бугун Абдулали қаламни тишида тутиб расм чизишни, узун медиаторни тишлаб, орган чалиш ва шеър ёзишни ўрганди.

Бироқ булар ҳали Абдулали эришган ягона ютуқ эмас. У жамиятдаги бошқа ногиронларнинг ҳаётда ўз ўрнини топа билишига эришиш йўлида ҳам ишламоқда.

Бугун ўз ташаббуси ва маҳаллий ҳиротликлар ва мулозимлар қўллови билан махсус мактаб очиб, 300 нафарга яқин ногирон болага билим беришга интилмоқда.

Афғонистондаги узоқ йиллик давомида ногиронга айланган инсонлар кўп, лекин уларнинг тўлақонли ҳаёт кечириш имконлари жуда кам.

"Жамиятда кўпчилик ногиронларга фойдасиз, деган кўз билан қарайди" - дейди Абдулали Баракзай Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда -"Аммо агар ўзинг қаттиқ саъй-ҳаракат қилсанг, кўп нарсага эришаса, сени қўллайдиган инсонлар ҳам топилади".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди