Нима учун Россия Толибонни қўллаб-қувватлашга рози бўлмаганди?

Cергей Иванов
Image caption Cергей Иванов Толибон таклифига Россия кескин жавоб қайтарганини хотирлайди

2001-йилда толиблар Россияга АҚШга қарши биргаликда курашишни таклиф қилган, аммо бу таклифга Россия кескин жавоб қайтарган, дейилади Би-би-си томонидан тайёрланган "Путин, Россия ва Ғарб" номли ҳужжатли филмда.

Ўша пайтда Россия мудофаа вазири бўлган Сергей Иванов филм муаллифларига Толибон ҳаракатининг мазкур таклифи Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги иттифоқчи кучлар амалиёти бошланишидан бир неча кун ўтиб илгари сурилганини айтган.

"Тожикстон ва Афғонистон чегарасида толиблар вакиллари бизнинг чегарачиларга алоқага чиқишди, - деб хотирлайди Сергей Иванов. - Вакиллар уларда Мулло Умар ваколати борлигини айтишди ва Россияга Толибон билан биргаликда АҚШга қарши курашишни таклиф қилишди".

"Бу таклифга бутун дунёда маълум "F… off" деган инглизча ҳақорат билан жавоб қайтардик," - деб эслайди Сергей Иванов.

Резидентдан президентгача

Тўрт қисмдан иборат филмнинг биринчи қисми "Ҳукуматга келиш" деб аталади.

Унда Владимир Путиннинг аввал Россия бош вазири ва сўнгра президентига айланишидан тортиб, миллиардер бизнесмен Михаил Ходорковскийнинг ҳибсга олинишига қадар бўлган давр ҳақида ҳикоя қилинади.

Филм асосан макур ҳодисаларда бевосита иштирок этган сисёсатчилар ва гувоҳлар, жумладан Владимир Путиннинг ўзи, Михаил Касьянов, Андрей Илларионов, Михаил Ходорковский, Колен Пауэлл, Кондолиза Райс ва Герхард Шредер билан бўлган суҳбатлардан иборат.

АҚШ собиқ давлат котиби Кондолиза Райс 2001-йилда президент Жорж Бушнинг Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувини эслайди.

Унга кўра, Путин Америка раҳбарини Покистоннинг афғон толибларини тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаши ва "вазият Буш президентлиги даврида издан чиқиб кетиши" ҳақида "ўта драматик тарзда" огоҳлантирган.

Райси хонимнинг афсус билан қайд этишича, Жорж Буш "Путиннинг пайғамбарона сўзларига қулоқ солмади".

Собиқ давлат котибига кўра, 2011-йил 11-сентябрида Путин унга Москва зарурий ёрдамни беришга тайёр эканини айтган.

Ана ўша суҳбатдан кейин Кондолиза Райс "биринчи марта совуқ уруш ҳақиқатан ҳам тугади, деб ишондим," дея эътироф этади.

НАТО собиқ бош котиби лорд Робертсоннинг хотирлашича, Брюсселда бўлиб ўтган илк учрашувда Путин ундан: "Россияни НАТОга қачон таклиф қилмоқчисиз?" - деб очиқча сўраган.

"Мен, таклифнома жўнатмаймиз, НАТОга қўшилмоқчи бўлганлар ариза беришади, дедим… У эса ҳар ким билан ҳам навбатга туравермаймиз, деган гапни айтди", - дейди Робертсон.

Айни дамда Олмониянинг собиқ канцлери Герхард Шредер Россиянинг НАТОга қўшилиши ҳам унга ва ҳам иттифоққа фойдали эканига, ишончи комил бўлганини қайд этади.

Терроризмга қарши кураш

Image caption Кондолиза Райс Ироқ масаласида Франса ва Олмониянинг Россия билан бир мавқени эгаллагани уни ранжитганини айтади

Афғонистон урушининг бошланишини хотирлар экан Сергей Иванов нима учун АҚШнинг Марказий Осиё республикалари ҳудудларидан фойдаланиши масаласида қатъий мавқени эгаллаганини тушунтирди.

"Биз минтақага Америка жойлашиши биланоқ демократияни ўргата бошлайди ва минтақада биз учун фойдасиз сиёсий жараёнлар бошланиб кетади, деб хавотирга тушгандик", - деб таъкидлайди Иванов.

"Яхши эслайман, (Афғонистонда амалиёт) 7-октябрда Путин туғилган кунда бошланди. Биз бирга овқатландик… ва мен, Владимир Владимирович, мана сизга туғилган кунингизга туҳфа, деб ҳазиллашдим", - дея хотирлайди Сергей Иванов.

Амалда Владимир Путин Россия мудофаа вазири фикрига қарши чиқиб, америкаликларга Марказий Осиёда ўз ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат берган.

Аммо Ироқ уруши арафасида бўлиб ўтган оммавий қирғин қуроллари ҳақидаги баҳслашув америкаликлар истагандай якун топмади.

"Мен Россия биз тақдим этган маълумотларга кўнмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, бизга қарши чиқмайди, деб ўйлардим", - деб ҳикоя қилади Кондолиза Райс.

АҚШ давлат котибини алоҳида ранжитган ҳолат Ироққа бостириб кириш масаласида Россиянинг Франса ва Олмония билан бир бўлиб, Вашингтонга қарши чиқиши бўлган.

"АҚШ иттифоқчиларининг биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масалада Россия билан бир мавқеда бўлиб олишгани бизга ёқмади", – деб хотирлайди Кондолиза Райс.