Президентликка номзод Путин муҳожирлик масаласида нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия Бош вазири Владимир Путин муҳожирларнинг маданиятли интеграцияси тарафдори...

Россия Бош вазири Владимир Путиннинг айтишича, миллий масала "мамлакати учун фундаментал характерга эга"дир.

Жаноб Путиннинг муҳожирлик масаласига бағишланган мақоласи унинг сайловолди амалиётлари доирасида "Независимая газета"сида чоп этилган.

У ўз мақоласида, "Россия кўпмиллатли давлат бўлмаслиги лозим"лигини айтаркан, "бугун мамлакат фуқароларини ҳам ички ва ҳам ташқи оммавий миграция билан боғлиқ кўплаб муаммолар жиддий хавотирга солиши, ҳатто, жиғларига тегиши"ни ҳам таъкидлайди.

Россия Бош вазири матбуот воизи Дмитрий Песковнинг айтишича, ана шу сайловолди мақолалари жаноб Путиннинг номзодлик дастури асосини ташкил этади.

Кириш

Владимир Путин "Россия: миллий масала" номли мақоласини Ғарбдаги "турфамаданиятлилик лойиҳаси"ни танқид этишдан бошлайди.

"Аксарият давлатларда нафақат уйғунлашиб кетиш, ҳатто маҳаллий шарт-шароитларга мослашишдан ҳам бош тортувчи ёпиқ миллий-диний жамоалар вужудга келган. Ҳануз ижтимоий ёрдамга яшайдиган ва маҳаллий тилни билмайдиган муҳожирларнинг авлодларидан ташкил топган бутунбошли мавзеълар ва шаҳарлар пайдо бўлган", деб давом этади жаноб Путин.

Унинг ёзишича, "Ҳаттоки, оврўполик обрў-эътиборли сиёсатчилар ҳам "турфамаданиятлилик лойиҳаси"нинг чиппакка чиққани ҳақида сўз юритишмоқда. Ва ҳозир мажбурий ассимиляция ҳақида гапира бошлашган".

Ўз ўрнида, Россия Бош вазири ташқи кўриниши жиҳатдан ўзларидаги вазият Ғарбдагисидан фарқланишини таъкидлайди.

"Биздаги миллий ва муҳожирлик муаммолари СССРнинг парчаланиши, моҳиятан эса, ҳали 18-асрда асос солинган буюк тарихий Россиянинг парчаланиши билан боғлиқ", деб ёзади.

Ва шундан сўнг ўзи энг ёқтирган мавзулардан бири - яъни Шўролар Иттифоқининг қулаши оқибатларига ўтади.

"Иттифоқ пачаланиши ортидан, биз жар ёқасида қолдик, ҳаммангизга яхши маълум айрим минтақалар айнан миллий заминга асосланган фуқаролар уруши хавфи билан рўбарў қолишди. Биз катта куч сарфлаб, шунча қурбонлар бериб, урушлар ўчоғини сўндиришга муваффақ бўлдик. Лекин, шунда ҳам, бу ушбу муаммолар буткул бартараф бўлганини англатмайди", дейди жаноб Путин.

"Маданиятли интеграция"

Аммо буларнинг барчаси манзарасида ҳам Владимир Путин миллий масала Россия учун оғриқли мавзулардан бири эканини тан олади.

Бош вазири аввалига, "ўз мамлакатига таҳсил олиш, яшаш ва ишлаш учун келаётган ҳар бир киши Россиянинг тўлақонли фуқароси экани"ни таъкидлайди.

Бунинг ортидан эса, "Россияга бошқа маданият ва тарихий анъаналар билан келаётган ҳар бир муҳожир маҳаллий урф-одатларни ҳурмат қилиши шарт"лиги билан огоҳлантиради.

"Қаттиқ жазоланади"

Россия Бош вазирининг баён қилишича, "Бошқа ҳар қандай - номақбул, тажовузкор, кишининг ғашига тегувчи ва хурмачага сиғмайдиган хулқ-атвор ҳозирги кунда пашша қўриб ўтирган ҳукумат идоралари томонидан қонун доирасида, аммо қаттиқ жазоланиши шарт".

Владимир Путинга кўра, сўз айни ўринда тартиб-қоидаларни кучайтириш, муҳожирлик ва расман қайддан ўтиш меъёрларини бузганларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида кетмоқда.

"Аксарият ҳолларда қонунлар амал қилмайдиган ёпиқ, якканишин миллий жамоаларнинг шаклланишига қарши чиқаркан, жаноб Путин "муҳожирларнинг маданиятли интеграцияси тарафдори" эканини урғулайди.

"Биз асрлар давомида елкама-елка яшаганмиз. Энг даҳшатли урушни ҳам бирга енганмиз. Бундан буёғига ҳам баҳамжиҳат яшаймиз. Бизни парчалаш истагида ёки ҳаракатида бўлганларга сўзим шуки - бунга ҳеч қачон муваффақ бўлмайсиз", деб якунланади Россия Бош вазирининг мақоласи.

Бу мавзуда батафсилроқ