Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғонистон: 23 ёшли аёл 1 ёки 2 эмас, бир мартада 6 фарзандни дунёга келтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Янги туғилган чақалоқларнинг уч нафари

Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида 23 ёшли бир аёл бирваракайига олти фарзанд - уч киз ва уч ўғилни дунёга келтирган.

Мазори Шариф шаҳри шифохонаси мулозимлари чақалоқларнинг онаси, туркман миллатига мансуб Сорагул ҳозирда ўзини яхши ҳис қилаётганини айтганлар.

Бош шифокор Ҳамида Илмий Би-би-си билан суҳбатда чақалоқларнинг ўзлари ҳам омон эканини билдирди.

Ҳамида Илмийга кўра, бу аёлнинг биринчи ҳомила бўлган ва икки ойлик пайти шифокор кўригидан ўтгач, унга бирдан ортиқ фарзанд кўриши мумкинлигини айтилган.

"Она қўрқмасин, деб унга тўртта дейишган. Ўшанда Сорагул бетоқатлик қилиб йиғлаб, "мен қандай боқаман, қандай катта бўлади, ҳатто ўзимни ўлдираман" деб кўп хафа бўлган экан", дейди у.

Шунда шифокорлар аёлни тинчлантириб, ўзлари кўмаклашишни айтишган ва ҳар ойи уни кўрикдан ўтказиб туришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Чақалоқларнинг онаси Сорагул шифокор билан

Сорагул шифохонага 9 кун олдин дард билан келган ва кечага келиб, 6 фарзандни дунёга келтирган.

"Вазнлари бирлариники 1 килодан кўпроқ, биттаси 700 граммча келади. Ўшани аҳволи яхши эмас. Уч боласи қиз, учтаси ўғил", дейди шифокор Ҳамида Илмий.

Шифокор бундай ҳоллар жуда кам-кадан учрашини ва бу ўзининг қарийб 20 йиллик фаолияти давомида илк бор дуч келганини айтади.