Франция Сенатининг қарори Туркияни ғазабга солди

Франция Сенатининг қарори Туркияда ғазаб ва нафрат билан қаршиланди Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Франция Сенатининг қарори Туркияда ғазаб ва нафрат билан қаршиланди

Франция Сенатининг Усмоний Турклар томонидан 1915 йилда арманилар ўлдирилишини қатлиом деб танилгани ва буни рад этишни жиноят деб белгиланиши ҳақида қарор олиши Туркияни ғазабга солган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған қарорни "ирқчи"лик моҳиятига эга эканини айтган.

"Аввалига Франция парламенти кейин Сенати қабул қилинган бу қарор биз учун ҳеч нарсани англатмайди. Бир тийинга қиммат бу қарор. Бу аслида ўрта асрлардаги қадриятларнинг тикланиши, Оврўпо қадриятларини поймол қилиш ва умуман мантиқни инкор этишдир. Биз Францияга ўз қарашларимизни айтдик, огоҳлантирдик! Биз бунинг мутлақо хатолигини айтдик, тарихни парламентда ўтириб қайта ёзиш ва ё ҳукм чиқариш мумкин эмас", деб айтган Туркия Бош вазири.

Туркия расман Франция Сенатининг айни қарорига қарши жавобий амалга қўл уражагини айтмоқда.

Ҳозирга қадар Туркия Франциядаги элчисини маслаҳат учун чақириб олди, савдо ва иқтисод вазирлари учрашувини бекор қилди ва барча маданий дастурларни тўхтатиб қўйди.

Туркия 1915 йил воқеалари қатлиом эмаслигини, балки уруш талотўпида кўплаб турклар ҳам қурбон бўлганини урғулайди.

Франция Президенти Николя Саркозий Сенат тасдиғидан ўтган қонун лойиҳасини феврал охирларида имзолаши кутилмоқда.

Бемаврид қарор

Франция Ташқи Ишлар вазири Алан Жюппэ бу қонун бўйича олинган қарорни бемаврид эканини айтган ва Туркия раҳбарларини босиқликка чақирган.

"Мен Ташқи ишлар вазири ўлароқ, бу қарорни бемаврид қабул қилинди, деб биламан. Аммо, парламент қарор қабул қилди. Мен Туркиядаги дўстларимни бугун босиқроқ бўлишга чақираман", деб айтган Алан Жюппэ.

Франция Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Туркия билан алоқалар яхшиланишига умид қилишини билдирган.

"Туркия катта мамлакат, йирик иқтисодий салоҳиятга эга ва катта сиёсий кучдир. Биз яхши муносабатларни сақлаб қолишимиз керак. Мен бу талотўплардан ўтганидан кейин, яна икки орада конструктив алоқалар тикланади, деб ўйлайман ва Туркия томон ўз қўлимни чўзаман. Қўлим қайтарилмаслигига умид қиламан", деб айтган у.

'Аммо, бу чиқишлар етарли эмас...'

Би-би-си Туркияда Франция Сенати айни қарори қандай қаршиланаётгани ҳақида Хабар Турк газети шарҳловчиси Соли Ўзелга мурожаат қилган:

Соли Ўзел: Туркияда бу хабар ғазаб ва нафрат билан қаршиланди. Одамлар Франция сенати қандай қарор олар экан деб қарийб беш соат бир янгиликка муштоқ ўлтиришди. Аксарият озгина бўлса ҳам Франса Сенати айни қарорни қабул қилмайди деган умидда эди. Чунки, хабарингиз бор, Франса конституцион қўмитаси агар арманилар қатлиоминини рад этиш жиноят деган қонун қабул қилинса, бу қонун Франса конституциясига зид бўлади деган маслаҳат берган эди. Яъни, шу маслаҳатга кўра иш тутилар деган умид бор эди. Айримлар эса Сенатдагилар бу лойиҳани рад этишади деб ҳам ўйлашган эди. Аммо ундай бўлмади. Эндиликда эса, бу қарор устидан олтмиш нафар сенатор бош қўшишиб Конституцион маҳкамага мурожаат қилишса, қатлиомни рад этиш жиноят деган янги қонун рад бўлади деб умид қилинмоқда.

Би-би-си: Франция Ташқи Ишлар вазири Туркия раҳбарларини босиқликка чақирди, Туркия билан дўстона алоқалар ўрнатамиз, уларга дўстлик қўлини чўзамиз, Туркия йирик иқтисодий салоҳиятга эга қабилида чиқиш қилди. Яъни, мақсад ўзаро муносабатларни совуқлаштириб юбормаслик, табиийки... Аммо, айни руҳдаги чиқишларнинг ўзи етарлими?

Соли Ўзел: Йўқ, етарли бўлмаса керак. Албатта, Алан Жюппэ Ташқи ишлар вазири бўлганидан бери Турк-Фаранг муносабатларини яхшилаш учун анча тер тўкди ва қайсидир маънода муваффақиятларга ҳам эришди. Аммо, айни ҳолатда фақат гап билан бирор нарсага эришиш мушкул. Бошқа томондан, Туркия бу масалага доир яна қандай қадамлар қўяди, ҳозирча номаълум, ҳукумат Конституцион маҳкама буни кўриб чиққанига қадар сабр қилишини ҳам айтмоқда. Аммо, Туркия ва Франция ўртасидаги муаммолар фақат бундан юз йил аввал кечган қатлиомни жиноят деб таниш керакми йўқми деган масаладан иборат эмас. Франция Президенти Туркия билан яхши алоқалар ўрнатаман, деб ортиқча жонбозлик кўрсатмаслиги маълум. Чунки, Франция Ўрта Ер денгизи минтақасида - геосиёсий маънода Туркияни рақиб сифатида кўради. Ҳар ҳолда, Туркияда шундай деб билишади.

Бу мавзуда батафсилроқ