BBC navigation

БМТ Ливия жангчилари орасидаги бошбошдоқликдан хавотирда

Сўнгги янгиланиш 26 январ 2012 - 09:33 GMT

Ливия жангарилари қуролларини ташлашга шошилмаяптилар

Ливиялик жангарилар мамлакатнинг расмий ҳукумати томонидан назорат қилинмаяпти ва махфий қамоқхоналарда минглаб одамларни ноқонунан ушлаб туришибди. Айни дамда Миллий ўтиш даври кенгаши бор кучи билан муваққат ҳукумат мавқеини қўлга киритишга уринмоқда. Бирлашган Миллатларнинг мутахассислари айнан шундай хулосага келганлар.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг йиғинида Триполи, Бенғози ва Бани Волид шаҳарларидаги зўравонликлар учқунлари ана шу муаммонинг белгиси экани таъкидланди.

Ташкилот ходимларига кўра, ҳозирда қуролли ливияликлар Муаммар Қаддофийнинг 8000дан ошиқ тарафдорларини ноқонунан ушлаб туришибди ва кўпларини қийноқларга солишаяпти.

Душанба куни Қаддофийнинг собиқ истеҳкомларидан бири бўлмиш Бани Волидда юз берган тўқнашувларда тўрт киши нобуд бўлган.

Чоршанба куни Нью-Йоркда Хавфсизлик Кенгаши йиғинида чиқиш қилган БМТнинг Ливиядаги элчиси Иан Мартин Бани Волиддаги қуролли маҳаллий аҳоли ва инқилобчилар ўртасидаги тўқнашувни баъзилар Қаддофий тарафдорларининг яна шаҳарни эгаллашга уриниши дея хато талқин қилишган.

Лекин, жаноб Мартинга кўра, бу ҳодиса Қаддофий тизимининг тарафдорлари ва ҳокимиятни қўлга киритган исёнчиларни яраштириш осон бўлмаслигини кўрсатди.

Унинг айтишича, Ливия инқилобчилари ўтган бир ой давомида юз берган бошқа қуролли тўқнашувлар, хусусан Триполи ва бошқа шаҳарлардаги нотинчликлар учун ҳам масъулдирлар.

"Собиқ режим ағдарилди, лекин аччиқ воқеълик шуки, Ливия халқи бу режимнинг жамиятга чуқур сингиб кетган меъроси билан юзма-юз тўқнашишда давом этмоқда", - деди элчи.

Бу меъросни жаноб Мартин "ожиз ёки мавжуд бўлмаган давлат идоралари, узоқ йиллар фуқаролик жамияти ташкилотлари ва сиёсий партиялар йўқ бўлгани" билан изоҳлади. Унга кўра, ана шу ҳол ўтиш даврини янада қийинлаштирмоқда.

Элчининг айтишича, исёнчиларни қуролсизлантириш йўлида бир неча қадамлар қўйилган, лекин қуроллар билан лиқ тўлган ва ҳар ким ҳар қандай мақсаддаги гуруҳларга бўйсуниши мумкин бўлган мамлакатда янги ҳукумат учун ўзига ишонч қозониш жуда мушкул.

Унинг огоҳлантиришича, ҳозирча вақтинчалик ҳукумат зўравонликларни жиловлашга муваффақ бўлаяпти, лекин зўравонликлар кўлами кескин кенгайиши мумкин.

"Қийноқлар"

Мартин жаноблари нутқи ортидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош ходими Нави Пиллай Ливия инқилобчилари 60та марказда 8500 одамни ушлаб турганларини билдирди.

"Уларнинг аксари Қаддофийга содиқликда айбланади ва орасида Африканинг бошқа мамлакатларидан бўлган одамлар жуда кўп", - деди у.

"Марказий ҳукумат томонидан етарли назоратнинг бўлмагани бешафқат муносабат ва қийноқлар юзага келиши мумкин бўлган шароитларни яратаяпти. Менинг ходимларим ўзлари бориб кўрган қамоқхоналардан жуда хавотирлик хабарларни олишмоқда", - дея қўшимча қилди Пиллай хоним.

У Ливия ҳукуматини норасмий қамоқхоналар устидан назоратни қўлга олиш, у ерда сақланаётган одамлар ишларини қайта кўриб чиқиш ва маҳбуслар билан қонун доирасида муносабат қила бошлашга чақирди.

Бани Волиддаги исёнчилар билан музокара олиб борган Миллий ўтиш даври ҳукуматининг мудофаа вазири Усамо Жувалий чоршанба куни шаҳардаги вазият барқарор эканини хабар қилди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.