Янги сўров: Путин барибир рақибларини ортда қолдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Владимир Путин ҳозирча сўров натижалари бўйича рақибларини катта фарқ билан ортда қолдиргани аён бўлибди

Агар президентлик сайловлари шу якшанба куни ўтказилса, россиялик сайловчиларнинг қирқ фоизга яқини Бош вазир Владимир Путинга овоз беришаркан.

Бу каби натижа “Левада” таҳлилий маркази олиб борган янги сўров натижаларидан маълум бўлибди.

Мамлакат аҳолисининг чорак фоизга яқини эса, ҳалиям қайси номзодга овоз бериш ёки сайловларга бориш-бормасликларини билишмас экан.

Марказ раҳбари муовини Алексей Гражданкиннинг айтишича, сўров иштирокчиларига очиқ савол беришган, яъни уларга номзодлар рўйхатини тақдим этмасдан, кимга овоз беришларини сўрашган.

Ана шу тартибда ўтказилган сўров ортидан, россияликлар 37 фоизининг Владимир Путинни маъқул кўришлари аён бўлган.

Социологларга кўра, Россия Бош вазири амалдаги тандем туфайли бу каби натижага эришган.

“Бошқарувдаги тандемнинг сайловчилари осонлик билан биридан бошқасига ўтишади. Владимир Путиннинг президентликка номзоди илгари сурилиши ортидан, президент Дмитрий Медведев тарафдорларининг сони кескин тушиб кетди ва ҳатто, йўққа чиқди. Уларнинг овозларини эса, Путин қўлга киритди”, дейди эксперт Би-би-си билан суҳбатида.

Бу ҳали ҳаммаси эмас

Сўров ёпиқ усулда олиб борилиб, иштирокчилар ихтиёрига номзодларнинг сайловлар кунида Марказий сайлов ҳайъатига тақдим этиладиган расмий рўйхати ҳавола этилганда эса, улардан 62 фоизининг Владимир Путинга овоз бериши ва Россия Бош вазирининг биринчи босқичдаёқ ғалаба қозониши аён бўлибди.

Бунда ҳалича бир қарорга келмаган, яъни икиланиб турган сўров қатнашчиларининг сони инобата олинмаган.

Январ ойида Россияда худди шу тариқа ўтказилган қолган сўровлар натижалари ҳам жаноб Путиннинг ўз рақибларини анча ортда қолдириб кетганига далолат қилган.

Дейлик, “Левада” маркази томонидан олиб борилган сўров натижаларига қаралса, Зюгановга 8%, Жириновскийга 5%, Мироновга 4% ва Прохоровга 2% россиялик овоз бераркан, холос.

Марказ таҳлилчиларига кўра, аҳолидаги сўнгги Давлат думасига сайловлар ортидан кузатилган норозилик кайфияти жаноб Путиннинг рейтингига жиддий таъсир қилмаган.

Аммо социологларнинг таъкидлашларича, шунда ҳам, ўтган йилнинг январ ойи билан таққослаганда, Россия Бош вазирини ёқловчилар сони қарийб 10 фоизга камайган.

Улар жаноб Путинга овоз беришга ҳозир бўлган сайловчиларда ҳам толиқиш ва танқидий кайфият кузатилишини таъкидлашади.

Сўнгги пайтларда россиялик сиёсатшунослар шу йил март ойига режаланган президентлик сайловларининг икки босқичга чўзилиши ҳақида кўп гапиришмоқда.

Бу каби ҳолат Россияда 1996 йилдан буён кузатилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ