Халқаро Атом агентлиги нозирлари Эронга ташриф буюришган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Эрон ядровий дастури атрофидаги вазият таранглашган

Халқаро Атом қуввати агентлиги(IAEA) нозирларининг Эронга уч кунлик сафари бошланган.

Ташрифдан кўзланган мақсад, Эрон ядровий дастурининг мақсади билан боғлиқ саволларга аниқлик киритишдир.

БМТ агентлиги текширувчиларининг ушбу ташрифи ядровий дастури боис Эрон билан Ғар ўртасидаги муносабатлар янада таранглашган пайтга тўғри келган.

Халқаро Атом қуввати агентлиги раҳбари Юкия Амано Эрон агентлик билан ҳамкорлик қилиши зарурлиги ҳамда агентлик нозирларининг саволларига жавоб бериши керак, деб айтган.

Эрон ядровий қурол ишлаб чиқараётганини рад этиб келади.

Эронга юборилган агентлик ҳайъатига раҳбарлик қилаётган IAEA Бош директори ўринбосари генерал Ҳерман Накертс ушбу ташриф мобайнида Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган "барча келишмовчиликларни ҳал қилишга" эришилишига умид билдирган.

Австрия пойтахти Вена аэропортидан Теҳронга парвоз қилишлари олдидан гапирган Ҳерман Накертс, "шу жумладан, биз умид қиламизки, Эрон биз билан ҳамкорлик қилади ва унинг ядровий дастури эҳтимолий ҳарбий йўналишга қаратилгани борасидаги хавотирларимизни жиддий қабул қилади", деб айтган.

Эроннинг Халқаро Атом қуввати агентлигидаги вакили Али Асқар Султонийя айтишича, ушбу ташриф "душманлар фитнасини барбод этади ва Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадга йўналтирилганини исботлайди.

Эрон ядровий фаолияти атрофидаги баҳслар янада қизишига Халқаро Атом қуввати агентлигининг ўтган йили ноябрида эълон қилган ҳисоботи сабаб бўлган.

Бу ҳисоботда IAEA ядровий дастур ҳарбий мақсадни кўзлаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир изҳор этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эронга борган ҳайъат раҳбари генерал Ҳерман Накертс "барча келишмовчиликлар ҳал этилишига" умид билдирган

Ўшанда агентлик Эрон бир неча синов ўтказгани ҳақидаги ахборотга эга эканлиги, ушбу синовлар ядровий портловчи ускуналар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

Ушбу ҳисобот ортидан Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Эронга нисбатан қатор янги жазо чораларини жорий этди, бу жазо чоралари орасида Эрон нефти импортига оид тақиқ ҳам бор.

Оврўпо Иттифоқи санкцияси Эрон хом нефтини импорт қилиш, сотиб олиш ва ташишни, шунингдек, Эрон нефт саноатини молиялаш ва суғурталашни ҳам назарда тутади.

Ҳозирги Эрон нефтини харид қилиш билан боғлиқ шартномаларнинг 2012 йил 1 июлигача амал қилиши эълон қилинган.

Ушбу муҳлат Оврўпо мамлакатларидаги нефт харидорларининг янги манбаларни топишлари учун берилгани айтилган, лекин Эрон парламенти Оврўпо ширкатларига нефт экспортини шу яқин кунларда тўхтатиш ҳақида бош қотирмоқдалар.

Бу эса нефт нархлари янада кўтарилишига олиб келиши мумкин.

Янги жазо чораларига жавобан Эрон Форс кўрфазидаги Ҳормуз бўғозини бекитиш билан таҳдид қилмоқда.

Ҳормуз дунёдаги жами нефтнинг 20 фоизи олиб ўтиладиган бўғоз ҳисобланади.

Қўшма Штатлар Ҳормуз бўғози ёпилишига йўл қўймаслигини, бунинг учун агар зарур бўлса куч ишлатишини айтган.